Жаҳон | 13:24 / 27.09.2017
10680
3 дақиқада ўқилади

Курдлар референдуми конституцияга зид — Ражаб Тоййиб Эрдўған

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 25 сентябрь куни Ироқ шимолида курдлар томонидан ўтказилган референдумни конституцияга зид деб атади, — деб хабар бермоқда Анадолу агентлиги.

Анқарада омбудсменларнинг халқаро конференциясида чиқиш қилар экан, Туркия президенти Ироқ шимоли ва Косовода ўтган референдумлар ўртасидан параллел ўтказган. «Косовонинг мустақиллигини 114та давлат тан олди, бироқ таассуфки, Косово ҳанузгача жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли аъзосига айлана олгани йўқ ва мушкулотларни бошдан кечирмоқда. Мустақиллигини фақат Исроил тан олувчи шимолий Ироқ нимадан умид қилмоқда?», — деган Эрдўған.

Унинг сўзларига кўра, Ироқ курдлари минтақавий маъмурияти (ИКММ) сиёсат ва давлат тузилиши ҳақида тушунчага эга эмас. «Улар масалани битта декларация билан ечиш мумкин деб ўйлашмоқда. Лекин бунақаси кетмайди», — деган Эрдўған.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, Туркия ҳукумати ўз ташвишини ИКММ раҳбарияти эътиборига етказганига қарамасдан, Арбилдагилар референдум ўтказиш қарорида қатъий туриб олишган. «Ироқ конституцияси нуқтаи назаридан, бу овоз бериш юридик кучга эга эмас. Исроилдан ташқари бирор бир халқаро ташкилот бу ташаббусни қўллаб-қувватламади», — деган турк етакчиси.

Унинг сўзларига кўра, Шимолий Ироқ — турли миллат вакиллари умргузаронлик қилаётган маскан, фақат бир этноснинг ташаббуси янги тўқнашувлар ва фалокатлар келтириб чиқаради.

«Айтишларича, овоз берганларнинг 90–92 фоизи мустақилликни ёқлаган эмиш. Бу референдумнинг сариқ чақачалик қиймати йўқ. Ким ИКММнинг мустақиллигини тан олади? Фақат Исроилми? Лекин жаҳон ҳамжамияти Исроилдан бир неча карра катта», — деган Туркия давлат раҳбари.

«КИП террорчилари овоз бериш саноғи бошланишидан аввал байрамни бошлаб юборишди, бу эса легитимлик ва шаффофлик мутлақо йўқлигидан дарак беради. Тушунарсиз шароитларда ташкиллаштирилган референдумда қатнашганлар ва овоз берганлар сони баҳсли. Бунга сабаб бу ташаббуснинг ўзи ноқонуний бўлганидир», — деган Туркия президенти.

«Аҳолини рўйхатга олиш ҳақида маълумотлар йўқ қилиниши, араблар ва туркманларни яшаб турган жойларидан сиқиб чиқариш ва инсон ҳуқуқлари бузулишига доир бошқа омиллар фонида ўтказилган бу референдумни асло легитим ҳисоблаб бўлмайди», — дея таъкидлаган Эрдўған.

Туркия президентининг огоҳ этишича, Туркия Ироқ шимолига санкция жорий қилиши ҳамоно бу жараёнлар йўқликка юз тутади. «Ҳаммаси Анқара нефть ўтказиш қувурини беркитган куни ниҳояланади. Агар юк машиналари Туркия ва Ироқ чегарасини кесиб ўтмаса, ИКММ аҳолисига еб-ичиш ва кийинишга ҳеч вақо қолмайди. Анқарани шундай чора қўллашга мажбур қилишмоқда. Ўшанда ким уларга ёрдам беради? Исроилми?», — дея давом этган Эрдўған.

Мавзуга оид