Ўзбекистон | 19:20 / 02.10.2017
19978
3 дақиқада ўқилади

Мобил қурилмаларни ўғирлаш ҳолатларига қарши янги лойиҳа ишлаб чиқилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш ва олиб кириш тизимини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар берган.

Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида аҳоли фикр-мулоҳазалари ва муносабатларини ўрганиш мақсадида эълон қилинган. Ушбу қарор лойиҳасида Ўзбекистонга олиб кирилаётган мобил алоқа воситаларини ҳисобга олиш, хусусан мамлакатимизга олиб кирилаётган мобил қурилмаларнинг халқаро идентификация коди (International Mobile Equipment Identity IMEI​) билан мажбурий рўйхатдан ўтказишни тизимини тартибга солиш кўзда тутилган.

Ушбу механизмнинг муқобилларидан кўплаб хорижий мамлакатларда фойдаланилади. Бу тизим мамлакат ичкарисига сертификатсиз мобил алоқа қурилмаларини олиб кириш ҳамда улардан фойдаланишга чек қўяди ва қарши курашади. Шу билан бирга, қурилмаларни IMEI​-код билан рўйхатдан ўтказиш тизими телекоммуникация тармоқлари ва воситаларидан рухсатсиз фойдаланишга қарши кураш самарадорлиги ошиши, мобил қурилмаларни ўғирлаш билан боғлиқ ҳолатлар камайиши ва бу турдаги ўғирликларга қарши тезкор чоралар кўрилишига хизмат қилади.

Шунингдек, ушбу тизимнинг жорий қилиниши маҳаллий мобил қурилма ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлашга, маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами ва сифатини оширишга замин яратади. Қарор лойиҳасига кўра, IMEI​-кодларидан фойдаланиш ва уларни рўйхатга олиш масалаларини бошқариш ва мувофиқлаштириш Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, тизимни рўйхатга олиш оператори вазифаси Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика маркази, мобил қурилмаларга гувоҳнома бериш UNISON ДУК зиммасига юклатилиши режалаштирилган.

Қарорда мобил қурилмалардан ноқонуний фойдаланиш, уларни учинчи шахсга бериш мақсадида, IMEI-кодларни ўзгартириш (клонлаштириш, кўпайтириш, бошқасига алмаштириш) каби хатти-ҳаракатлар қонунга зидлигини белгилаб қўйиш ҳамда ҳужжатда тегишли равишда IMEI-кодга эга бўлмаган мобил қурилмалардан фойдаланаётган абонентларга мобил хизматларни кўрсатишни тақиқлаш таклиф қилинмоқда.