09:58 / 03.10.2017
13179

NASA: ўлчами автобус билан баробар астероид Ер ёнидан учиб ўтиб кетди

Фото: © EPA/PATRICK PLEUL

Олимларнинг берган маълумотларига кўра, осмон жисми сайёрамиздан 87 минг километр яқинликда учиб ўтган, деб ёзади ТАСС.

Автобус катталигидаги астероид душанба куни тўқнашиш хавфини келтириб чиқармасдан, Ер куррасига нисбатан яқин масофада учиб ўтган. Бу ҳақда NASAнинг Калифорния штати Пасадина реактив ҳаракат лабораториясида жойлашган осмон жисмларини ўрганиш маркази ходимлари маълум қилишган.

Марказнинг сайтида эълон қилинишича, 2017 SX17 деб номланган астероиднинг кўндаланг кесими 6,3 метрдан 14 метргача етади. У Тошкент вақти билан соат 15:20да сайёрамиз ва биздан 384 минг километр узоқликда бўлган Ой ўртасидан учиб ўтиб, Ерга 87 минг километргача яқинлашган.

Бу астероид фақат 24 сентябрга келиб аниқланган. Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, у Қуёш атрофида 467 суткада бир марта тўлиқ айланиш ҳосил қилади. 

NASA мутахассислари ҳозир катта қизиқиш билан бошқа бир астероид — 2012 TC4ни кузатишмоқда. У 12 октябрь куни Ердан 43,5 минг км масофадан учиб ўтади. Космик жисмнинг диаметри 12 дан 27 метргача етади ва уни 2013 йилнинг 15 февралида атмосферага сониясига 18 км тезликда учиб кирган ва 25 км баландликда портлаб кетган Челябинск метеоритига қиёслаш мумкин. У метеоритнинг қулаши 90 кмгача бўлган масофада зарба тўлқинлари тарқалиши билан давом этган.

Айни пайтда NASA кўндаланг кесими 1 км.дан ортиқ бўлган, сайёрамизга потенциал хавф солувчи йирик астероидларнинг 93 фоизини аниқлашган. Тахминан мингдан ортиқ ана шундай осмон жисмлари Қуёшдан 195 млн. км узоқликда учмоқда. Олимлар шунингдек, Ер орбитаси яқинидаги ўртача катталикдаги (100 метрдан 1 км.гача) астероидларнинг сонини ҳам аниқлашга муваффақ бўлишган: уларнинг сони 19,5 мингдан зиёд экан.
 

Top