18:50 / 04.10.2017
16750

Бора Милутинович ўз вақтида Ўзбекистонда ишлашга рози бўлганди

Фото: AFP Photo/Oliver Hardt

Ўзбекистонлик футбол журналисти, ОФК собиқ ходими Алишер Никимбаев «Фейсбук»даги саҳифасида бундан уч йил олдинги парвозини ёдга олди.

«Бундан уч йил муқаддам ўша вақтлардаги Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов ва Бора Милутинович учрашувини ташкиллаштириш учун Абу-Дабидан Доҳага учиб боргандим.

Бора Ўзбекистон терма жамоасида маслаҳатчи-мураббий бўлиб ишлашга тайёр турганди, бироқ келишув мен, Қосимов ёки Борага алоқадор бўлмаган сабаблар туфайли амалга ошмай қолганди. 

Айтганча, Доҳадан Абу-Дабига қайтиш учун чиптани ўз ҳисобимдан сотиб олгандим. Бу охирги йилларда ўзбек футболида ким ва қандай ишлагани ҳақида кичик бир асос эди», - деб ёзган Никимбаев.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йилнинг ноябрь ойларида Бора Милутинович Ўзбекистон терма жамоаси маслаҳатчи мураббийи бўлиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Аммо кейинроқ ЎФФ расмий сайти ўша вақтда мавжуд бўлган терма жамоалар маркази берган маълумотга таяниб сербиялик мутахассис Бора Милутинович Ўзбекистон миллий терма жамоасига маслахатчи мураббий сифатида таклиф этилгани ва у билан 2 ойга шартнома тузилгани ҳақида матбуотда пайдо бўлган хабарларни рад этганди.

Фото: Bunyodkor.com

«Терма жамоалар маркази бош директори Асқар Толибжоновга кўра, Милитунович билан шартнома имзолаш режада йўқ. Терма жамоалар маркази директорининг айтишича, сербиялик мураббий Бора Милутинович ўз хоҳишига кўра Ўзбекистон Кубоги финал учрашувини кўриш учун Тошкентга келган», деб ёзганди ЎФФ расмий сайти.

Top