21:40 / 04.10.2017
7625

Туркия ва Эрон миллий валюталарда ҳисоб-китоб қилишга ўтмоқчи

Фото:aa.com.tr

Анқара ва Теҳрон икки давлат иқтисодий алоқаларида миллий валюталарни қўллаш бўйича қарор қабул қилишди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Эрон президенти Ҳасан Руҳоний билан биргаликдаги матбуот-анжуманида айтиб ўтди.

Эрдўғаннинг айтишича, валюталар курсининг Туркия ва Эрон иқтисодий муносабатларига босимини камайтириш учун яқин ҳафталарда икки давлат миллий банклари бу масала деталларини муҳокама қилишади. 

Бундан ташқари, турк банклари Эронда, Эрон банклари эса Туркияда шохобчаларини очишади. Бу иқтисодий алоқаларни фаоллаштиришга имкон беради.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, Туркия Эрон билан ҳар томонлама ва фаол ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди. 

Фото:aa.com.tr

Эрдўған икки давлат 30 млрд долларлик товар айланмасига чиқишни мўлжаллаётганини эслатиб ўтди.

"Афсуски, бугунги кунда бу кўрсаткич 10 млрд долларни ташкил қилмоқда. Иқтисодий ҳамкорлик мавзуси олий даражадаги ҳамкорлик кенгаши йиғилишидаги марказийси бўлди", деб айтган Эрдўған. 

Икки давлат етакчилари минтақадаги вазиятга ҳам тўхталиб ўтишди. "Биз учун биринчи навбатдаги масала Ироқ муаммоси ҳисобланади, биз бу муаммо устида уч томонлама механизм доирасида ишламоқдамиз", деб айтган Эрдўған. 

Эрдўған Ироқ Курдистонида ўтган референдумга ҳам тўхталиб ўтди.  

Фото:aa.com.tr

"Ироқнинг Курд минтақавий маъмурияти референдум ўтказиб нимага эришмоқчи? Исроилдан бошқа ҳеч бир давлат уни тан олмайди. "Моссад" билан муҳокамалардан кейин қабул қилинган қарор қонуний бўла олмайди ва бундай ҳисобланмайди", деб қўшимча қилган Эрдўған.  

"Ироқ Курдистони ҳукумати ўзини яккаланишга дучор қилмоқда. Эрон ва Туркиянинг бу масаладаги қатъийлиги аниқ. Анқара ва Теҳрон фақатгина Ироқнинг марказий ҳукумати билан мулоқот олиб боради, Ироқ шимолидаги референдум эса ноқонунийдир", деб айтган Эрдўған. 

Эрдўған Суриядаги вазият борасида уч томонлама механизм амал қилишини эслатиб ўтди. "Туркия, Эрон ва Россия Остонадаги жараён орқали бу масалани ҳал қилишмоқда. Биз Суриядаги жанглардан ҳоли ҳудудларга катта аҳамият берамиз", деб  таъкидлаб ўтган Эрдўған.

Top