16:07 / 09.10.2017
5646

Обаманинг собиқ маслаҳатчиси Нобель мукофоти лауреатига айланди  

Фото: AP

Швеция давлат банкининг 2017 йилги Альфред Нобель хотирасига бағишланган мукофоти америкалик Ричард Талерга «юриш-туриш иқтисодиёти соҳасидаги тадқиқотлари учун» берилди. Бу ҳақда душанба куни Қироллик Фанлар академиясининг Нобель қўмитаси маълум қилди.

Нобель қўмитасининг таъкидлашича, Талер иқтисодиёт соҳасида шахсий қарорлар қабул қилишнинг таҳлилига психологик ва ҳиссий омилларни киритган. «Чекланган рационаллик, ижтимоий афзалликлар ва ўзини тута олмаслик оқибатларини ўрганиб чиққач, у бу инсоний хусусиятлар шахсий қарорлар, шунингдек, бозордаги вазиятга қандай таъсир қилишини кўрсатиб берди», - дея хабар қилинган қўмита сайтида.

Талер «ақлий бухгалтерия» деб номланувчи назарияни ишлаб чиқди. У одамлар ўзлари учун молиявий қарорларни қандай соддалаштиришини тушунтиради. Олим, шунингдек, йўқотишларга дуч келмасликни исташ, қандай қилиб инсон кўз ўнгида у ёки бу буюмларнинг қадрини оширишини кўрсатиб берди. Талер бу ҳодисага «мулк эффекти» деб ном берган.

Тадқиқотларда олим, истеъмолчиларнинг адолат туйғуси, маълум бир маҳсулот ёки хизматларга талаб ортиб бораётганига қарамасдан, компанияларни нархни оширишни тўхтатишга мажбур қилиши мумкинлигини кўрсатди.

Ричард Талер 1945 йилда АҚШда туғилган. Ҳозирда Чикаго университетида ишлайди. У молиявий ва иқтисодий хулқ-атвор соҳасидаги назариётчи сифатида танилган. Олим АҚШ президенти Барак Обаманинг маслаҳатчиларидан бири эди.

Мукофот эса 1968 йилда Швеция давлат банки томонидан ўзининг 300 йиллиги муносабати билан ташкил этилган. Банк ҳар йили Нобель жамғармасига бир Нобель мукофотига тенг бўлган маблағни ажратади. 

Top