Жаҳон | 08:00 / 11.10.2017
27680
2 дақиқада ўқилади

БМТ ўлим жазоси энг кўп ижро этилувчи давлатларни маълум қилди

БМТ бош котиби Антониу Гутерреш 10 октябрда нишонланувчи Бутунжаҳон ўлим жазосига қарши кураш куни муносабати билан ўлим жазоси ижро этилиши бўйича жаҳон статистикасини келтириб ўтди. Унинг айтишича, бу жазо чораси энг кўп миқдорда Эрон, Саудия Арабистони, Ироқ ва Покистонда ижро этилар экан. Бу давлатларда ташкилотга маълум бўлган барча қатл этишларнинг 87 фоизи ижро этилган. Шу билан бирга Хитойда ҳам кўп сонда қатллар амалга оширилади, бироқ бу борада БМТда аниқ маълумотлар йўқ. 

Шу билан бирга, 170 та давлат ўлим жазосидан воз кечган.

2016 йилда 2015 йилга нисбатан қатллар миқдори 37 фоизга камайган. Бош котиб бундай "ваҳший усуллар"дан воз кечишга чақирди. Унинг таъкидлашича, ўлим жазоси жиноятларнинг олдини олишга ёрдам бермайди ва унга 21-асрда ўрин йўқ. Бироқ БМТда террорчилик билан боғлиқ ҳолатларда ўлим жазосига тақиқлов қайта кўриб чиқилаётгани тенденцияси кузатилаётгани қайд қилинди.

Гутерреш, шунингдек, ўлим жазоси амалиёти кўпинча очиқ-ойдин олиб борилмаслигини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, баъзи давлатлар ҳукуматлари ким ва қандай сабабларга кўра ўлим жазосига маҳкум қилингани ҳақидаги маълумотни ҳаттоки қатл  этилганларнинг оилаларидан сир тутган ҳолда ошкор этмайдилар. Шунингдек, ўлим жазосини ижро этишда қўлланадиган воситаларни тақдим қилувчи компаниялар номлари ҳам улар ёмонотлиқ бўлмасликлари мақсадида тақдим қилинмайди. 

"Очиқ-ойдинликнинг йўқлиги ўлим жазосига маҳкум қилинаётганлар ва уларнинг оилаларига ҳурматсизликни намойиш қилади", деб айтган БМТ бош котиби. 

Айни вақтда АҚШ ғарб давлатларидан жиноятчиларга нисбатан ўлим жазоси қўлланадиган ягона давлат бўлиб қолмоқда. АҚШнинг 50 та штатидан 31 тасида ўлим жазоси қўлланиб келинади. АҚШда 1976 йилдан то шу кунгача 1,4 мингдан кўпроқ жиноятчи қатл этилган.

Мавзуга оид