10:38 / 18.10.2017
26066

Видео: ИШИДдан озод қилинган Раққа шаҳрининг аянчли аҳволи

Сешанба куни АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган кучлар Суриянинг Раққа шаҳрини ИШИД назорати остидан бутунлай озод этди ҳамда ИШИДнинг «пойтахти» учун кечган тўрт ойлик жангга нуқта қўйилди, дея хабар берди Reuters.

Манбанинг хабар беришича, жангарилар Раққа стадионида SDF жангариларининг энг кучли гуруҳи бўлган курдларнинг халқ мудофааси Отрядлари (YPG) байроғини кўтаришган. 

Сурия Демократик кучлари (SDF)  қўмондони Рожа Фелатнинг айтишича, жанг тугаган, бироқ курд ва араб жангарилари иттифоқи стадионда жойлаштирилган миналарни йўқотмоқда ҳамда ИШИД жангарилари беркиниши мумкин бўлган бошпаналарни қидирмоқда. 

Британияда жойлашган Суриядаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кузатув кенгашининг хабар беришича, шаҳар ИШИД назорати остидан бутунлай озод қилинган.

CNN телеканали эса Раққа шаҳрининг дрондан олинган видеотасвирини эълон қилди. Видео нашрнинг Twitter’даги саҳифасида жойлаштирилган.

Видеоёзувда шаҳарнинг бўм-бўш кўчалари ва ярим вайрон ҳолатдаги биноларини кўриш мумкин: шаҳар туманларидан биридан тутун кўтарилмоқда, Сурия Демократик кучлари (Башар Асад режимига мухолиф тузилма) автомашиналари Paradise Square майдонида ҳаракатланмоқда. Шунингдек, кадрда террорчиларнинг «сўнгги қалъаси» ҳисобланган шаҳар марказидаги стадион ва миллий шифохона кўрсатилган.

Reuters маълумотларига кўра, Раққанинг бой берилиши террорчилик гуруҳи ўз позицияларини тарк этаётганидан далолат бериши мумкин. Шаҳардан жангарилар чет элларда ҳужумларни режалаштиришган.

SDF июнь ойидан буён Америка Қўшма Штатлари бошчилигидаги халқаро коалиция ёрдамида ИШИД «пойтахти»ни қўлга киритишга ҳаракат қилиб келди. «Биз биламизки, ИШИД жангарилари томонидан ишғол этилган ҳудудларда ҳамон қўлбола портлатиш қурилмалари ва мина-қопқонлар бор, шунинг учун SDF ушбу ҳудудларни тозалашда давом этмоқда», - дея айтиб ўтди коалиция вакили полковник Райан Диллон.

Альянс сўнгги ҳужумни якшанба куни, бир гуруҳ суриялик террорчилар шаҳарни тарк этиб, сўнгги позицияларни ҳимоя қилиш учун тахминан 300 жангарини қолдиришганидан сўнг бошлади.

Раққа Ироқ ва Суриядаги тез ғалабалар сериясига қадар 2014 йилда ИШИД томонидан эгаллаб олинган биринчи йирик шаҳарга айланди. Ҳодиса оқибатида миллионлаб одамлар террорчилар назорати остида қолди.

ИШИД жангарилари шаҳарни Яқин Шарқдаги жанговар ҳаракатлар учун тезкор марказ сифатида ишлатишган ва чет элдаги ҳужумларни режалаштиришган ҳамда у ерда маълум муддат давомида ғарблик шахсларни гаровда ушлаб туришган.

Top