11:20 / 19.10.2017
11758

Юридик хизмат ходимларига мартаба даражалари берилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ–2733-сонли «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан адлия вазирининг 2017 йил 12 октябрдаги буйруғи билан юридик хизмат ходимларига махсус унвон-мартаба даражалари берилди, деб хабар беради адлия вазирлиги матбуот хизмати KUN.UZ’га.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг юрисконсульти Гулзира Хожабаевна Кабулова, Тошкент шаҳар Бектемир тумани ҳокими маҳкамаси Бектемир тумани ободонлаштириш  бошқармаси юридик хизмати юрисконсульти Жўра Шукурович Нарзиллаев, Қашқадарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси Дехқонобод туман Давлат солиқ инспекцияси юридик хизмати бош юрисконсульти Марат Эргашевич Ҳайитов, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Тошкент» телерадиоканали давлат унитар корхонаси юридик хизмати бош юрисконсульти Маъмуржон Юнусметович Ҳайтметов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Республика инкассация хизмати давлат унитар корхонаси юридик бўлими етакчи юрисконсульти Азим Каримович Якубовга «3-даражали юрист» махсус унвон — мартаба даражаси берилди.

Ушбу буйруқда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги 250-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 19 январдаги ПҚ–2733-сонли қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарорига мувофиқ юқорида кўрсатилган юридик хизмат ходимларига махсус унвонлар — мартаба даражалари учун 2017 йил октябрь ойидан бошлаб қўшимча ҳақ тўлаб бориши лозимлиги ҳам назарда тутилган.

Top