Жаҳон | 09:10 / 01.11.2017
73740
2 дақиқада ўқилади

Сайфулло Соипов АҚШга грин-карта бўйича кўчиб кетган

Фото: Andrew Kelly/Reuters

Нью-Йоркда теракт содир этишда гумонланаётган эркак, Ўзбекистоннинг собиқ фуқароси Сайфулло Соипов Uber компаниясида ҳайдовчи бўлиб ишлаган, деб хабар қилмоқда CBS News телеканали компания вакилига таянган ҳолда.

Унинг сўзларига кўра, гумонланувчи компанияда ишлаган ва таржимаи ҳолидаги маълумотлари текширилган. 

Қайд этилишича, Соипов Қўшма Штатларга лотереяда грин-картани ютиб олган ҳолда кўчиб кетган. Бу ҳақда Santa Monica Observer нашри хабар берди. Diversity Immigrant Visa («Турли миллатдаги муҳожирлар учун визалар») визаларни ўйнаш дастури АҚШ Давлат департаменти томонидан амалга оширилади. Лотерея ғолиби компьютер орқали тасодифий танлов алгоритми бўйича аниқланади. 

Fox News телеканали маълумотларига кўра эса, унинг грин-карта муддати ўтиб кетган. 

Шу билан бирга, полиция Соиповнинг юк машинасини кўздан кечириш чоғида кабинада араб тилидаги ёзувни топган. New York Times нашри хабарига кўра, унда унинг ИШИД террорчилик гуруҳига содиқлик билдиргани айтилган.

Аввалроқ 31 октябрда Нью-Йоркнинг Қуйи Манхэттен туманида, Жаҳон савдо маркази ёнида содир этилган терактни Ўзбекистоннинг собиқ фуқароси Сайфулло Соипов амалга оширганликда гумон қилинаётган хабар берилганди.

Маълум қилинишича, ҳужум оқибатида Бельгиянинг бир фуқароси ҳалок бўлган ва 3 фуқароси яраланган. Шунингдек, Аргентинанинг 5 фуқароси ҳалок бўлган ва бир фуқароси жароҳат олган.

Мавзуга оид