18:58 / 21.11.2017
6427

Tencent бозор нархи 500 млрд доллардан ошган Осиёнинг илк компанияси бўлди

Фото:Tech in Asia.

Хитойнинг Tencent Holdings Ltd. компанияси акциялари нархи жорий йилда 2 баробардан кўпроққа ошди. Бунинг натижасида интернет-гигант бозор нархи 500 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилувчи компаниялар қаторидан жой олди. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

21 ноябрда Ҳонгконг фонд биржасидаги савдолар натижаларига кўра Хитой телекоммуникацион компаниясининг акциялари 4 фоизга ошиб, унинг бозор нархини 3,99 трлн Ҳонгконг долларига (510 млрд доллар ) етказди. Шу тариқа, WeChat мессенжери, TenPay тўлов хизмати ва QQ Games ўйин порталига эгалик қилувчи компания Жек Манинг Alibaba Group Holding Ltd. компаниясини ортда қолдириб, Осиё ва жумладан, Хитойда бозор нархи 500 млрд доллардан ошган илк компания бўлди. 2-ўринни 475 млрд долларлик капиталлашув билан Alibaba эгалламоқда. Tencent’нинг акциялари ўсишда давом этиши мумкин. Tencent яқин орада бу борада АҚШнинг Facebook компаниясини (бозор нархи 520 млрд доллар) ортда қолдириши ҳам мумкин. 

Аввалроқ Tencent июль-сентябрь ойларида тушуми 61 фоизга, яъни 65,2 млрд юангача (9,8 млрд доллар) ошганини эълон қилган. Тушумнинг ошиши компания учун 2010 йилдан максимал бўлди. Компаниянинг 3-чоракдаги соф даромади 69 фоизга ошиб, 18 млрд юанни ташкил қилган.  

Tencent булутли технологиялар, молиявий хизматлар, фильмлар ва мусиқа ҳисобига ўз ўсишининг янги манбаларини ўрганмоқда.

Бунгача бозор нархи 500 млрд доллардан кўпроқни ташкил қиладиган компаниялар 5 та эди, булар: Apple, Alphabet, Microsoft, Facebook ва Amazon.

Top