Ўзбекистон | 17:41 / 22.11.2017
14129
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги сиёсий ҳамкорлик

Фото: UzReport

2017 йилнинг 22-25 ноябр кунлари Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Ин таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи бўлиб ўтмоқда. 

Икки мамлакат ўртасида бир қатор соҳаларда барқарор ҳамкорлик узоқ йиллардан буён давом этиб келмоқда. Қуйида сиёсат соҳасида давлатлар ўртасидаги муносабатлар ҳақида умумий маълумотларни ҳавола этамиз.

Корея Республикаси давлатимиз мустақиллигини 1991 йил 30 декабр куни тан олган. Давлатлар ўртасидаги дипломатик алоқалар 1992 йил 29 январдан бошланган. Бу вақт мобайнида икки давлат раҳбарлари иштирокида 14 та саммит ўтказилди. 

2006 йилда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро декларацияни имзоладилар. Бу воқеа сиёсий, савдо, иқтисодий, инвестиция ва маданият соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди.

Мамлакатлар парламентлараро алоқалар йўналишидаги ўзаро ҳамкорликни ҳам жадал ривожлантиришмоқда. Жумладан, 1995 йилда Корея Республикасининг Миллий Ассамблеясида “Корея – Ўзбекистон” парламентнинг дўстлик уюшмаси ташкил этилган. 2005 йилдан бошлаб Олий Мажлиснинг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи фаолият юритмоқда. 2012 йил январь ойида икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг 20 йиллиги муносабати билан Корея Республикасининг Миллий Ассамблеяси спикери Пак Хи Тэ Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Икки мамлакат ўртасида ҳукуматлар даражасидаги делегацияларнинг ўзаро ташрифлари кенгайиб бормоқда. Мунтазам равишда ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари даражасида сиёсий маслаҳатлашувлар, халқаро ташкилотлар доирасида муваффақиятли ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Ташриф бошлангунга қадар, ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида имзоланган турли соҳалардаги 149 та икки томонлама ҳужжатлардан иборат бўлган (хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги ҳужжатларни ҳисобга олмаган ҳолда).  

Мавзуга оид