16:25 / 27.11.2017
49261

2002 йил. Сапармурод Ниёзовга суиқасд қилишда айбланганлар тақдири нима бўлди?

Фото: Indiatimes

Туркманистон расмийлари 15 йил муқаддам, 2002 йилнинг 25 ноябрь куни мамлакат биринчи президенти Сапармурод Ниёзовга суиқасд амалга оширилгани ҳақида маълум қилганди.

Ҳукуматнинг расмий талқинига кўра, Ашхободда Ниёзовга суиқасд уюштирилган: президент кортежининг йўлини КАМАЗ юк машинаси тўсиб қўйган, кортеж эса ўққа тутилган. Ниёзов жароҳат олмаган. Шундан сўнг Ниёзов давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрилгани ҳақида маълум қилди ва суиқасдда Борис Шихмуродов ҳамда бошқа мухолифатчиларни айблади.

Шихмурадов «суиқасдга» алоқадор эканини рад этди. Кейинчалик у Туркманистон Халқ демократик ҳаракати Ашхобод, Чоржоу, Тошҳовуз ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида Ниёзовнинг истеъфосини талаб қилиб оммавий тинч намойишлар ўтказишни режалаштиргани ҳақида маълум қилди. Унинг ўзи бу вақтда давлатдан ташқарида бўлган.

2002 йилнинг 25 декабрь куни Борис Шихмурадов Туркманистон расмийларига ихтиёрий равишда ўзини топширди ва айбсиз эканини маълум қилди. 2002 йилнинг 30 декабрь куни эса Туркманистон Олий суди Борис Шихмурадовни 25 йилга озодликдан маҳрум қилди, бироқ ўша куниёқ бу жазо умрбод қамоққа алмаштирилди. Шундан сўнг унинг тақдири билан нима юз бергани сирлигича қолмоқда.

«Уларни тирик кўрсатинг!» халқаро кампанияси маълумотига кўра, Туркманистонда бугунги кунда 80 дан ортиқ инсоннинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Top