Жаҳон | 14:40 / 05.12.2017
4419
2 дақиқада ўқилади

Филиппинда денге безгагига қарши илк вакцина сотуви тўхтатилди

Фото: РИА Новости

Филиппин ҳукумати денге безгагига қарши дунёдаги илк вакцина сотувини тақиқлади. Бунга ушбу эмдорининг салбий таъсири сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Бу ҳақда Озиқ-овқат ва дори-дармонлар назорати бошқармаси (FDA) хабарида маълум қилинган. 

Франциянинг Sanofi ишлаб чиқарувчи компанияси вакцинага доир янги маълумотларни ҳам эълон қилди. Унда эмлашгача мазкур касаллик билан хасталанмаганлар учун вакцинадан фойдаланиш жуда хавфли экани таъкидланади. 

"FDA аҳолини муҳофаза қилиш мақсадида Sanofi компаниясига Dengvaxia эмдорисининг савдоларини зудлик билан тўхтатиш ва тарқатмаслик бўйича кўрсатма берди", — дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, мамлакатдаги барча тиббий бирлашмалар Dengvaxia вакцинаси қўлланилишидан кейинги ҳолатларни кузатишда иштирок этиши ва ҳар қандай ҳолат бўйича FDA бошқармасига маълум қилиши шарт. 

Денге безгаги – тропик мамлакатда учрайдиган вирус инфекцияли касаллик бўлиб, чивинлар чақишидан тарқалади. Безгак хуружи кутилмаганда бошланади. Бемор юқори тана ҳарорати (39-40 даража) дан, бош оғриғи, мушаклар ва бўғинлардаги кучли оғриқдан шикоят қилади. 

Тайёрлаган:  Толиб Раҳматов

Мавзуга оид