Жаҳон | 13:12 / 08.12.2017
21543
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистондан собиқ вазир ва ҳокимлар қанча маблағни олиб чиқиб кетган? 

Фото: Ca-news

Қозоғистон Республикасининг Давлат хизмати ва коррупцияга қарши кураш ишлари бўйича агентлиги раиси Қайрат Кожамжаровнинг маълум қилишича, собиқ амалдорлар мамлакатдан саккиз миллиард доллардан ортиқ маблағни олиб чиқиб кетишган, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz.

"Сўнгги ўн йил ичида Қозоғистондан ташқарида яшириниб юрган 205 коррупциячидан мамлакатга 152 нафари қайтарилди. Бироқ мамлакатдан саккиз миллиард доллардан ортиқ маблағни ўғирлаб кетган собиқ вазирлар ҳамда ҳокимлар хорижда яшириниб ўтиришда давом этишмоқда. Биринчи навбатда, бу Аблязов уюшган жиноий гуруҳи етакчилари ва Храпуновлар оиласи", - дея айтиб ўтди Қайрат Кожамжаров Остонадаги конференцияда.

Унинг маълум қилишича, уларнинг барини жазо кутмоқда.

"Бизнинг ишончимиз комилки, уларнинг мақоми сиёсийлаштирилганига қарамай, улар жавобгарликдан қоча олмайди. Бизнинг хорижий шериклар билан ҳамкорлигимиз натижасида қочиб кетган ҳар бир коррупциячи судья томонидан белгиланган жазога тортилади. Давлат жиноятчиларни топшириш ва активларни қайтаришда иккиламчи стандартлардан қочиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириши лозим", - деди Қайрат Кожамжаров.

Унинг таъкидлашича, давлат маблағларини жиноий йўл билан сарфлаётганларни эрта босқичда аниқлаш, ҳамда капиталнинг мамлакатдан олиб чиқилиши олдини олиш муҳимдир.

"Бошқа юрисдикциялардан қочиб кетган жиноятчилар ва ўғирланган активларни қайтариш – бу ҳар бир давлат учун долзарб масалалар. Ҳозирда жаҳон ҳамжамияти томонидан офшорларни йўқотиш, хорижий банклардаги ҳисоб рақамлари эгалари ҳақидаги маълумотни очиқлаш бўйича фаол чоралар амалга оширилмоқда. Қозоғистон бу саъй-ҳаракатларни маъқуллайди ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ҳамда ўзаро ҳамкорликка тайёр", - дея маълум қилди коррупцияга қарши кураш маҳкамаси раҳбари.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид