21:50 / 11.12.2017
11772

Энди смартфон ғилофи ёрдамида қондаги қанд миқдорини ўлчаш мумкин

Фото: David Baillot / UC San Diego Jacobs School of Engineering

Қандли диабетдан азият чекувчи кишилар қондаги глюкоза миқдорини мунтазам равишда ўлчаб юришларига тўғри келади. Бунинг учун улар ўзлари билан доим глюкометр олиб юришлари зарур, бу эса бироз ноқулайлик туғдиради. Сан-Диего Университети тадқиқотчилари глюкометрни смартфонга интеграциялаш муаммони ҳал қилади, деган қарорга келишди, зеро смартфон - доим қўл остимда. Шу билан бирга, телефон бошқа анъанавий жиҳозлардан фарқли ўлароқ,  қанд миқдори ҳақидаги маълумотларни "булут"да сақлаши, уни қайта ишлаши ва ҳатто шифокорга йўллаши ҳам мумкин, дейилади Science Daily'да. 

Мазкур қурилма номи GPhone деб аталади ва у глюкоза миқдорини кузатиш бўйича янги концептуал тизимни намойиш этади. У икки қисмдан иборат. Биринчиси — бир бурчагида датчик ўрнатилган смартфон ғилофи. У 3D-босма технологияси асосида ишлаб чиқилган. Иккинчи қисми махсус ферментни ўз ичига олган ва датчикка магнит билан маҳкамланган бир марталик митти гранулалардан иборат. Ғилофга бириктирилган ҳамда принтерда чоп этилган стилус ичида 30 гранула жойланган.

Фойдаланувчи тестни бошлаш учун датчикни фаоллаштириши керак, бунинг учун эса унга гранулани қўйиш керак бўлади. Шундан сўнг унга қон намунасини жойлаш лозим. Датчик глюкоза миқдорини аниқлаб, Bluetooth ёрдамида маълумотларни смартфон экранида намойиш этади. Тест тахминан 20 сония вақтни олади. Босма платалар туфайли тизим смартфон аккумуляторида ишлайди. 

Гранулалар глюкозооксидаз номини олган ферментга эга. Унинг глюкоза билан реакциясини датчик электродлари билан ўлчанувчи электрик сигнал ҳосил қилади, у қанчалик кучли бўлса, қанд миқдори шунча юқори бўлади. Тест натижалари технологиянинг юқори даражада аниқлигини кўрсатди.

Тадқиқотчиларнинг навбатдаги мақсади — глюкометрни ғилофга эмас, бевосита смартфонга ўрнатиш. Жамоа мазкур технологияни келгусида бошқа моддаларни аниқлаш, шунингдек тиббиётдан бошқа соҳаларда ҳам қўллаш мумкинлигига умид қилмоқда. Бунга фақат унинг нархи тўсқинлик қилиши мумкин: датчик ва босма элементлар арзон бўлса-да, гранулаларнинг фермент билан таъминланиши анча қимматга тушиши мумкин.

GPhone диабетга чалинган кишиларга яқиндан ёрдам беради ва эҳтимол, тез орада биз бу касалликни тўлиқ даволашга муваффақ бўлармиз. Ҳар ҳолда, 2-турдаги диабетга нисбатан шундай тахминлар илгари сурилмоқда: тадқиқотларнинг кўрсатишича, 2-турдаги диабетни парҳез ва вазнни камайтириш ёрдамида мағлуб қилиш мумкин.

Top