Жаҳон | 09:36 / 14.12.2017
25775
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон Афғонистон билан чегарани ёпди

Фото: Азия-Плюс

Тожикистон ҳукумати тожик-афғон чегарасидаги битта назорат ўтказиш пунктини ёпди ва Панж дарё устида жойлашган бешта кўприкда ҳаракатланишни тўсиб қўйди. Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ва Шамсиддиний Шохин туманидаги чегараолди бозорларда одамлар деярли йўқ. Фархор туманининг Кокул аҳоли пунктидаги назорат ўтказиш пункти орқали юк автомашиналарининг ҳаракати ҳам тўхтатилди.

Хатлон вилояти маъмуриятидан хабар беришича, Афғонистон билан чегарадаги жуда катта ҳудуд – Шамсиддиний Шохин туманидан Тоғли Бадахшонга қадар – хавфсизлик нуқтаи назаридан вақтинчалик ёпиб қўйилган.

Афғонистоннинг Бадахшон вилояти губернатори Аҳмад Файсал Бекзод 13 декабрь куни Тожикистон билан чегара ёпилганини тасдиқлади. «Биз ҳозирда Тожикистон томони билан чегараларни очиш масаласида музокаралар олиб бормоқдамиз. Бу вилоят аҳолиси учун муҳим, сабаби йилнинг бу даврида кучли қорлар туфайли Афғонистоннинг марказий қисмига бориш деярли имконсиздир. Одатда кузда ва қишда озиқ-овқат маҳсулотларини фақат Тожикистондан сотиб оламиз», - дея айтиб ўтди афғонистонлик амалдор.

Бироқ Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Чегара қўшинлари бош бошқармаси матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаевнинг маълум қилишича, ҳукуматнинг тожик-афғон чегараси бир қисмини ёпиш тўғрисида ҳеч қандай расмий топшириғи бўлмаган.

Аввалроқ Афғонистон билан чегара афғонистонлик контрабандачилар гуруҳи билан ҳарбий тўқнашувдан сўнг ёпилганди, ўшанда «Шўробод» чегара отряди қўмондони полковник Хайриддин Ахтамов ҳалок бўлди. Ҳодиса 2 декабрь куни кечқурун юз берган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид