Жаҳон | 09:50 / 15.12.2017
10525
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Россияга нисбатан санкцияларни яна узайтирди

Фото: :Shutterstock.com

Европа иттифоқи давлатлари етакчилари Россияга қарши жорий этилган иқтисодий санкцияларни 2018 йилнинг ўртасига қадар узайтириш ҳақидаги қарорни қабул қилишди. Бу ҳақда Европа кенгаши раиси Дональд Туск Twitter’даги саҳифасида хабар берди.

Би-би-си хабарига кўра, чеклов чоралари энергетик, мудофаа ҳамда молиявий секторларга алоқадор.

Санкциялар узайтирилиши ҳақида аввалига Reuters агентлигига Брюсселдаги амалдорлар ҳамда дипломатлар аноним ҳолда маълум қилишди. Гап 2014 йилнинг 31 июлидан жорий этилган санкциялар ҳақида бормоқда.

Франция президенти Эмманюэль Макрон ҳамда ГФР канцлери Ангела Меркель пайшанба куни Минск келишувлари ҳозирга қадар бажарилмаганини, ҳамда шунинг учун чеклов чоралари яна ярим йилга қадар амалда бўлишини маълум қилишди.

Санкциялар сўнгги марта 2017 йилнинг июнида узайтирилди – уларнинг муддати 2018 йилнинг январида ўз ниҳоясига етиши керак эди.

Санкция рўйхатидан Россиянинг давлат иштирокидаги энг йирик компаниялари жой олган. Уларнинг Европа молиявий бозорига кириши чекланди.

Санкциялар "Роснефть", "Газпром нефть" ҳамда "Транснефть" нефтгаз компаниялари, Сбербанк, ВТБ, "Газпромбанк", "Внешэкономбанк" банклари, шунингдек Қрим компанияларига нисбатан жорий этилган.

Мудофаа сектори компанияларига нисбатан қурол-яроғ экспортига эмбарго киритилди, шунингдек иккиламчи мақсадлардаги товарлар ва Россияда ҳарбий йўналишда фойдаланилиши мумкин бўлган технологиялар экспортига тақиқ қўйилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид