Ўзбекистон | 21:52 / 15.12.2017
11211
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Киев шаҳарлари ўртасида авиақатнов юзасидан расмий тушунтириш берилди

Фото: Ўзбекистон ҳаво йўллари

Тошкент ва Киев шаҳарлари ўртасида авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар давом этмоқда ҳамда тўғридан-тўғри парвоз қачон амалга оширилиши борасида аниқ маълумот тарқатилмаган. «Дававианазорат» инспекциясининг маълум қилишича, жорий йилнинг 12-14 декабрь кунлари ОАВ ҳамда ижтимоий сайтларда Тошкент ва Киев ўртасида мунтазам ҳаво қатновининг қайта тикланиши ҳақида хабар тарқалди. Мазкур хабар дастлабки музокаралар ортидан тарқаган маълумот ҳисобланади.

2017 йил 12 декабрда Ўзбекистон Республикасининг «Дававианазорат» инспекциясида Ўзбекистон ва Украина ўртасида ҳаво қатнови соҳасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида икки давлат авиация маъмуриятларининг делегациялари ўртасида томонларнинг тайинланган авиакорхоналари иштирокида музокаралар бўлиб ўтганди. Инспекция тарқатган расмий хабарда айтилишича, томонлар ўртасида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳамон мавжуд. 

Белгиланган масалалар ҳал этилиши билан, томонлар Тошкент ва Киев ўртасида парвозлар амалга оширилиши бўйича музокаралар давом этади. Ҳозирги вақтда авиақатновлар амалга оширилишининг аниқ муддатлари тасдиқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Абдувалиев икки мамлакат ваколатли органлари мазкур масалани кўриб чиқиш чоғида, энг аввало, одамлар - талабалар, бизнес вакиллари ва бошқаларнинг манфаатларини ҳисобга олишлари лозимлигини таъкидлаганди. Унинг фикрича, икки мамлакат пойтахтлари ўртасидаги парвозларнинг яқин вақт ичида қайта йўлга қўйилиши учун элчихона барча имкониятларини ишга солмоқда.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов

Мавзуга оид