Ўзбекистон | 15:07 / 15.12.2017
35327
2 дақиқада ўқилади

Вазирлар Маҳкамаси 2018 йилда цемент ишлаб чиқариш бўйича қарор чиқарди

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг  8.12.2017 йилдаги 971-сон «2018 йилда цементни ишлаб чиқариш ва сарфлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

2018 йил 1 январдан бошлаб монополист корхоналар цементни фақат биржа савдоларида реализация қилишади. Шу тариқа, республика ичидаги истеъмолчиларга келгуси йилда биржа савдолари орқали 8 млн 424 минг тонна цемент сотилади.

Биринчи маротаба савдога қўйилганда реализация қилинмаган ҳажмлар бир ой мобайнида қайта савдога қўйилади ва фақат шундан кейингина тўғридан-тўғри шартномалар бўйича экспортга реализация қилиниши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 14.11.2017 йилдаги ПҚ–3386-сон қарори билан келаси йилдан бошлаб юқори ликвидли 27 турдаги маҳсулот фақат биржа савдолари орқали реализация қилинади. Бироқ биржада сотиб олинган бундай маҳсулотларни қайта сотишга қўйилган тақиқ бекор қилинади.

Маълумот учун. Давлат рақобат қўмитасининг расмий сайтидан олинган маълумотларга кўра, 1.10.2017 йил ҳолатига цементни ишлаб чиқариш товар бозорида устун мавқени эгаллаб турган 4 та корхона - (монополист корхоналар): «Қизилқумцемент» АЖ, «Қувасойцемент» АЖ, «Бекободцемент» АЖ ва «Оҳангаронцемент» АЖ томонидан амалга оширилади.

Ҳужжат 12.12.2017 йилдан кучга кирди.   

UzA Matnazarov Otabek
Тайёрлаган UzA Matnazarov Otabek

Мавзуга оид