Фан-техника | 09:21 / 16.12.2017
12203
8 дақиқада ўқилади

Смартфонингиздан ақллироқ 8 "смарт-кроссовка"

Кроссовкалар қулайлиги боис жуда машҳур, баъзилари ҳаддан ташқари қиммат. Бироқ пулига ҳақиқатда арзийдиганлари ҳам бор – улар электроника билан таъминланган бўлиб, оддий пойабзалдан ортиқроқдир. Hi-Tech интеллектуал кроссовкалар дунёсига "саёҳат" уюштириб, уларнинг орасидан энг "ақлли"ларини саралаб тақдим этди.

Xiaomi Free Tie Leather Shoes

Кўпчилик ажабланиши мумкин, лекин Xiaomi компанияси фақат смартфон ва аксессуарлар ишлаб чиқариш билангина чекланмайди. Компания маҳсулотлари орасида рюкзаклар, колонкалар, ёритгичлар ва ҳатто электровелосипедларни ҳам топиш мумкин. Бироқ бу ҳақида кейинги сафар, ҳозирча эса бизни фақат кроссовкалар қизиқтиради.

Фото: Hi-Tech Mail

Уларни оддий пойабзалдан нима ажратиб туради? Босиб ўтилган қадамларни санай олувчи ички процессор. Бундан ташқари, сенсор калориялар сарфи ва босиб ўтилган масофани аниқлаши мумкин. Умуман олганда, ишлаб чиқарувчилар фитнес-трекернинг барча асосий функцияларини олиб, уларни ўз кроссовкаларига ўрнатишди.

Дарвоқе, пойабзал жисмоний муваффақиятлар ҳақидаги барча маълумотларни эгасининг смартфонига етказади. Интеллектуал кроссовкалар Bluetooth ёрдамида Android ва iOS бошқаруви остидаги қурилмаларга улана олади. Натижаларни компаниянинг Mi Smart Home иловасида кўриш мумкин.

Бу ерда энг қизиғи — нарх. Хитойликлар ақлли пойабзални атиги 30 доллардан сотишмоқда.

Smart Rhythm Shoes

Қўшма Штатларда эгасини рақс тушишга ўргатадиган кроссовкалар ихтиро қилинди. Ҳар ҳолда, rhytm компанияси стртаперлари айнан шундай ваъдалар беришмоқда.

Фото: Hi-Tech Mail

Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, ҳар бир кроссовкада Bluetooth орқали смартфондаги иловага боғланган датчиклар жойланган. Дастур хонада янграётган мусиқани "эшитади" ва тўғридан-тўғри "оёқлар"га сигнал узатади. Шунда сенсорлар товоннинг турли қисмларига вибрация йўллайди, раққос эса нима қилиш кераклигини тушуниб олади.

Иловада турли услублардаги дарслар ўрнатилган бўлиб, интеллектуал пойабзал эгалари рақсларнинг кетма-кет бир неча турига тушиши мумкин: жаз, сальса, начата, вальс, хип-хоп, танго ва ҳ.к.

Ҳозирча Smart Rhythm Shoes'нинг қанчалик самарали эканини айтиш қийин: улар 2017 йилнинг декабридагина сотувга чиқиши кутилмоқда. Ишлаб чиқарувчилар бу кроссвокаларни 300 долларга баҳолашди.

Vixole Matrix

Пойабзалга телевизор ўрнатиш мумкинлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Йўқ? Америкалик ишлаб чиқарувчилар эса бунинг уддасидан чиқишди.

Фото: Hi-Tech Mail

2016 йил охирида краудфандинг платформасида Vixole Matrix номли ақлли кроссовкалар пайдо бўлди. Пойабзалнинг орқа қисми созланувчи LED-панеллар билан жиҳозланган.

Смартфон иловаси ёрдамида кроссовкаларнинг LED-экранига статик ва динамик графикни акс эттириш мумкин, яъни сизда ўз пойабзалингизда севимли "гиф"лар ёки инстаграм аккаунтда ҳаволаларни "бошқариш" имкони бўлади. Таъкидлаш жоизки, мослашувчан экран сувдан ҳимояланган, шундай экан, ёмғирда ҳам, қорда ҳам кроссовкаларда бемалол юриш мумкин.

Vixole Matrix кроссовкалари LED-панелдан ташқари кўплаб турли сенсорларга эга бўлишди: ёруғлик, товуш аниқловчи датчиклар, акселерометр, гироскоп ва магнитометр. Улар туфайли кроссовкалар эгасининг ҳаракатлари таъсири остида тасвирларни ўзгартириши мумкин: масалан, инсон югураётган ёки рақсга тушаётган бўлса, тасвир автоматик равишда ўзгаради. Шунингдек, смартфонга хабар келганда стелькага тебраниш орқали маълум қилувчи тактиль датчиклар ўрнатилди.

Vixole Matrix кроссовкалари учун 345 долларга буюртма бериш мумкин.

Томск кроссовкалари

Россияликлар ҳам интеллектуал пойгада ортда қолаётгани йўқ. Томск политехника университети талабалари ҳам ақлли кроссовкалар концептини намойиш этишди. Унга ҳали ном ўйлаб топилгани йўқ, бироқ бу у қадар муҳим эмас.

Фото: Hi-Tech Mail

Фитнес-трекер функцияси ҳақида сўзлаб ўтирмаймиз — улар бу ердаги деярли барча смарт-ботинкаларда бор. Шуниси қизиқки, кроссовкалар қадам ташлашнинг тўғрилигини ҳам назорат қилади. Товон қисмига махсус датчиклар ўрнатилган бўлиб, улар оғирликнинг товонга тўғри тақсимланишини назорат қилади.

Ишлаб чиқарувчилар уларнинг ихтироси ўз эгаларига одатда юкнинг товонга нотўғри тақсимланиши натижасида юзага келувчи таянч-ҳаракат тизими касалликларини четлаб ўтишга ёрдам беришига ишонч билдиришди. Бундан ташқари, Томск кроссовкаларидан инсультдан кейинги тикланишда фойдаланиш мумкин.

Россиянинг ақлли кроссовкалари бозорга чиқишга деярли тайёр. Бироқ расмий нархлар ҳозирча ошкор этилмаган.

Shift Wear

Shift Wear ақлли кроссовкалари Лондон дендиси каби кийинишни яхши кўрадиган кишиларга тўғри келади. Гап шундаки, пойабзал дизайнини ҳар куни ўзгартириш мумкин. Сникерслар электрон сиёҳлар асосидаги экранлар билан жиҳозланган.

Фото: Hi-Tech Mail

Vixole Matrix'дан фарқли ўлароқ, бу ерда мослашувчан дисплей майдоннинг 80 фоизини эгаллайди, шунинг учун пойабзал тавсирни алмаштирганда деярли тўлиқ ўзгаради. Боз устига, уларни ҳатто кир ювиш машинасида ювиш ҳам мумкин. Shift Wear кинетик энергиядан заряд олади.

Ишлаб чиқарувчилар нафақат Andoid ва iOS, балки Windows бошқаруви остидаги қурилмаларга ҳам илова чиқаришди.

Интеллектуал кроссовкалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, уларнинг нархи 200 доллардан бошланади.

Pizza Hut Pie Tops

Кроссовка ёрдамида пиццага буюртма бермоқчимисиз? У ҳолда Pizza Hut компаниясининг ихтироси сизга ёқиши аниқ.

Фото: Hi-Tech Mail

Ижодкор ходимлар "тил"ида сеҳрли қизил тугма бўлган кроссовкалар партиясини яратишди. Уни босишингиз билан ботинкалар смартфонга уланиб, автоматик равишда сиз жойлашган жойга пиццага буюртма беради. Ҳеч қандай қўнғироқларга ҳожат йўқ: шунчаки ўтириб, кечки овқатингизни кутинг, курьер кроссовканинг жойлашуви бўйича керакли манзилни топиб боради.

Бундай пойабзалнинг ишлаб чиқарилиши — шунчаки реклама усули, бироқ бу кроссовкалар ақлли эканини рад эта олмайди. Дунёда жами 64 жуфт шундай кроссовка бор. Келгусида уларнинг сони кўпайиши эҳтимолдан холи эмас.

Under Armour Speedform

Under Armour ишлаб чиқарувчилари кроссовкалар спортчилар учун ҳақиқий мураббийга айланиши мумкин, деган қарорга келишди. Шу боис компанияда ишланган смарт-пойабзал эгасига нафақат унинг жисмоний ҳолати тўғрисидаги маълумотларни етказади, балки бўлғуси машғулотларга доир тавсиялар ҳам беради.

Фото: Hi-Tech Mail

Масалан, югуришдан аввал кроссовкалар мушакларнинг чарчоқ даражасини баҳолаш учун спортчидан жойда туриб бир неча марта сакрашни сўрайди. Шундан кейин смартфондаги махсус иловада бўлғуси жисмоний машқларга доир муҳим кўрсатмаларни кўриш мумкин. Масалан, кучни асраш ёки меъёрий темпда югуриш. Бу маслаҳатлар спортчига тонусда бўлишга ва жароҳатларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Under Armour кроссовкалари сотувга чиқиб бўлган, уларни 140 доллар эвазига харид қилиш мумкин.

Nike HyperAdapt 1.0

"Келажакка қайтиш 2" фильмидаги афсонавий кроссовкаларни тилга олмай илож йўқ. Nike компанияси фанатлар илтимосига қулоқ тутиб, Марти Макфлай фильмда ҳаракатланган, боғичи ўз-ўзидан тақилувчи кроссовкаларни ишлаб чиқарди.

Фото: Hi-Tech Mail

Дизайнга ҳеч қандай шикоят йўқ. У оригинал прототипни такрорламаса-да, кроссовкалар анча футуристик кўринади. Бироқ пойабзал функционали бироз оқсамоқда: автоматик боғичлар биз хоҳлагандек тезкор ишламайди. Баъзан эса боғичларни қаттиқроқ тақиши учун тугмачани қўшимча босишга тўғри келади.

Бундан ташқари, кроссовкаларни икки ҳафтада бир марта зарядлаш керак бўлади, зарядлаш жараёни тахминан уч соат давом этади.

Кроссовка нархи — 720 доллар.

Мавзуга оид