Ўзбекистон | 16:25 / 18.12.2017
15679
2 дақиқада ўқилади

МХХ чегара қўшинлари ноябрда неча нафар чегарабузарни қўлга олгани маълум бўлди 

Давлат чегараларини қўриқлаш бўйича қўмита вакилининг таъкидлашича, жорий йилнинг ноябрь ойида чегарачилар 134 нафар чегарабузарни қўлга олишди. Жумладан, Қирғизистон билан чегарада - 76, Қозоғистон - 48, Тожикистон - 9 ва Афғонистон билан чегарада 1 нафар чегарабузар ушланди. Туркманистон билан чегарада қонунбузарлар қайд этилмади.

Ўзбекистон чегарасидан 1 миллиард 580 миллион сўмлик товар-моддий бойликларни ноқонуний равишда олиб киришга бўлган уринишларга чек қўйилди. Асосан бу маиший техника, парфюмерия ва бошқа маҳсулотлардир. Хатловга олинган товарларнинг асосий қисми Қирғизистон ва Қозоғистон чегараларига тўғри келади.

Масалан, 2 ноябрь куни Фарғона вилояти Қувасой шаҳрининг Қирғизистон билан чегарада жойлашган Горгаз посёлкасида чегарачилар Ўзбекистонга қиймати 39 миллион сўмдан зиёд бўлган электр лампаларни ноқонуний равишда олиб киришга бўлган уринишга чек қўйишди.

Қувасойда яна бир контрабанда товар-моддий бойликлар партияси 17 ноябрь куни ушланди. Ўшанда "Қозиқўрғон" маҳалласи ҳудудида 76 млн сўмлик товарлар мусодара этилган.

Контрабандачилар фаунанинг қўриқланувчи объектларини олиб ўтишдан ҳам тап тортишаётгани йўқ. 28 ноябрь куни Сирдарё вилоятининг Қозоғистон билан чегарадош бўлган Янгиҳаёт аҳоли пунктида чегарачилар томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Ўзбекистонга ноёб турдаги 9 та лочинни олиб ўтишга уринган чегарабузар қўлга олинди. Экспертлар ҳайвонларни 303 миллион сўмга баҳолашди.

Қўлга олиш ҳолатлари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги доирасида тегишли тадбирлар олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид