18:00 / 03.01.2018
27095

Қодиров Эрон ҳақида гапирди ва АҚШни айблаб чиқди

Фото: ТАСС

Чеченистон республикаси раҳбари Рамзон Қодиров Эрондаги ҳодисаларга изоҳ берди ҳамда АҚШнинг бунга реакцияси ҳақида гапирди. Бу ҳақда у ўз телеграмида ёзган.

Қодировнинг таъкидлашича, Россия, яқин қўшни сифатида, Эрондаги тинчлик ва барқарорликдан манфаатдир, уларга қандай эришишни Эрон ҳукумати ҳамда халқи ҳал қилиши лозим. АҚШнинг бу масала бўйича позицияси эса Чеченистон раҳбарини қониқтирмайди.

«Президент Дональд Трамп Эрон ҳукуматини митингда иштирок этаётганларга Instagram ва Telegram’дан фойдаланиш имконини тақдим этишга «чақирди». Бунга «фуқароларнинг ўз фикрини эркин ифода этишга бўлган ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши» лозимлиги сабаб қилиб кўрсатилди. Шу билан бирга, у Эронни жаҳонда терроризмнинг бош ҳомийси, деб аташдан уялмади», - дея ёзган Қодиров.

Шу билан бирга, Чеченистон раҳбари «АҚШ позициясидаги риёкорликни» қайд этиб ўтган.

«АҚШ позициясидаги риёкорлик ҳаммасидан ўтиб тушди. Facebook ўйлаб топилган сабаблар билан менинг саҳифаларимни блоклаб қўйганида, расмий Вашингтон жим турибди, бу ҳеч қандай сабабсиз қилинганига қарамай, рўй берди», - дея ёзди Қодиров.

Мавзу
Эронда ғалаёнлар тўлқини

29 декабрь куни Эроннинг турли шаҳарларида инфляция, раҳбарият ва катта харажатлар талаб қилаётган ташқи сиёсатга қарши намойишлар тўлқини бошланди.

Барчаси
Top