18:40 / 09.01.2018
15340

Фаластинлик сиам эгизаклари 15 соат операция қилинди

Фото: KSAU HS

Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда шифокорлар чақалоқни паразит-эгизагидан ажратишни кўзда тутувчи 15 соатлик жарроҳлик операциясини муваффақиятли тугаллашди. 

Фараҳ исмли қизча ва Ҳанин исмли ўғил бола ўтган йилнинг октябрь ойида Фаластинда дунёга келган, улар тана аъзоларининг пастки қисмлари орқали боғланган. Бироқ Ҳанин тўлиқ шаклланган бола бўлиб, Фараҳнинг эса ўпка ва юрак соҳалари бўлмаган. Операция давомида тиббиёт ходимлари дастлаб чақалоқларнинг ичак ва жигарини ажратишди, сўнг тос соҳасини ажратишга киришишди. 

Сиам эгизаклари валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон фармонига мувофиқ, Фаластиндан Саудия Арабистонига келтирилди. Жарроҳлик амалиёти қирол Абдуллоҳ номли болалар шифохонасида бўлиб ўтди. Жарроҳлар бригадасини доктор Абдуллоҳ бин Абдулазиз Ар-Робиаъ бошқарган.

Фото: KSAU HS
Фото: KSAU HS

Операция муваффақиятли ўтган. Ҳозирда Ҳанин қайта тикланиш жараёнини бошдан ўтказмоқда. Болакайнинг отаси оилага беминнат ёрдам қўлини чўзиб, барча харажатларни ўз зиммасига олган шаҳзодага миннатдорчилик билдирган.

Top