19:46 / 13.01.2018
10691

Нурафшон шаҳрида​ ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ўтказилди​

Тошкент вилояти маъмурий маркази – Нурафшон шаҳрида биринчи марта ёшлар ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ўтказилди. 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 26 йиллиги муносабати билан  ташкил этилган мазкур байрам тадбири “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат, жасорат мактаби” шиори остида ўтди.

Унда сўз олган вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов ва бошқалар барча иштирокчиларни, хусусан, элу юртимиз осойишталиги посбонлари ва уларнинг яқинларини миллий армиямиз ташкил топганининг 26 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди.  Шундан сўнг фестиваль югуриш марафонига старт берилди. “Деҳқонобод” маҳалласидан старт олган марафон йўналиши Нурафшон шаҳри марказигача бўлган уч минг метрдан ортиқни ташкил этди. Марафонда юқори натижага эришганлар муносиб рағбатлантирилди.


Фестиваль доирасида ташкил этилган кўргазмада ҳарбий техникалар, шахсий ҳимоя воситалари, махсус снарядлар намойиш этилди. Хизматга чақирилувчи йигитлар, қизиқувчилар ўқ отар қурол ва бошқа воситаларни ушлаб кўриш, ишлатиш тартиблари, уларни имкониятлари билан танишиш имкониятларига эга бўлди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларга Ўзбекистон ҳарбий салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, муддатли ва шартнома асосида хизмат ўташ шарт-шароитлари, имконият ва имтиёзлар, “Темурбеклар мактаби”, ҳарбий олий таълим муассасаларида ўқитиш тизими ҳақида маълумотлар берилди.

"Бундай тадбирлар халқ билан армия бирлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Фестивалда жуда кўп йигит-қизлар қатнашди. Уларнинг бир қанчаси билан суҳбатлашиш имкониятига эга бўлдим. Шунга амин бўлдимки, ёшларимизда  жонажон Ўзбекистонимизга, Ватанимизга бўлган меҳру муҳаббати ошиб бораётир", – дейди Тошкент ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилаётган сержант Жаҳонгир Айматов.

Фестивалда  махсус ҳарбий қисм хизматчилари ёшларга қуроллардан фойдаланиш қоидаларини, қўл жанги усулларини кўрсатиб, ўрмон, тоғ ва чўлларда ҳаракатланиш бўйича маълумот ва тушунчалар берди. Тегишли ҳарбий қисм ошпази Бекзод Миллибоев ҳарбий дала ошхонасида пишириладиган таомлардан айримларини тайёрланиши кўрсатиб берди.

Top