15:40 / 19.01.2018
9789

Юридик шахслар сентябрь - декабрь ойларида 2,9 млрд долларлик валютани сотиб олди

Фото: Reuters

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан сентябрь - декабрь ойларида чет эл валютаси сотиб олиш ҳажми 2,9 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати хабар берди.

Чет эл валютасига бўлган талабнинг таркиби эса, ишлаб чиқариш импорти мақсадлари учун – 2,2 млрд доллар (76%), хорижий кредитларни сўндириш учун – 358 млн доллар (12%), халқ истеъмоли моллари ва дори-дармонлар импорти учун – 238 млн доллар (8%), чет эл инвесторлари даромадларини репатриация қилиш учун – 88 млн доллар (3%) сотиб олиш ҳисобига шаклланди.

Шу билан бирга, чет эл валютасини сотиб олиш операцияларини 1 млн долларгача суммага амалга оширган корхоналарнинг сони ўсиш суръатига эга (сентябрда – 1,5 мингта, октябрда – 1,9 мингта, ноябрда 2,2 – мингта ва декабрда – 2,5 мингта). Хўжалик юритувчи субъектлар сонининг ортиши тадбиркорлик субъектларининг норасмий сектордан расмий бозорга ўтиши билан изоҳланади.

Чет эл валютасини сотиш ҳажми 2017 йилнинг сентябрь–декабрь ойларида 2,9 млрд долларни ташкил этди.

Ички валюта бозорида сотилган чет эл валюталарининг 1,5 млрд долларлик қисми бевосита экспортерлар томонидан, 1,4 млрд долларлик қисми эса тижорат банклари жалб этган, шу жумладан валюта-айирбошлаш шохобчалари орқали аҳолидан сотиб олинган маблағлар ҳиссасига тўғри келди.

Марказий банк чет эл валютасига бўлган талаб ва таклиф мувозанатини таъминлаш ва валюта курсининг кескин ўзгаришини олдини олиш мақсадида валюта биржаси савдоларида кунлик валюта олди-сотди операцияларини амалга оширди.

Ички валюта бозорида сотилган чет эл валютасининг умумий ҳажми сотиб олинган валюта ҳажмига тенг бўлганлиги муносабати билан Марказий банк томонидан валюта захираларидан харажатлар амалга оширилмаган.

Top