23:20 / 20.01.2018
9525

“Дакар” пойгасининг ғолиблари аниқланди

Фото: Getty Images

Испаниялик пойгачи Карлос Сайнс “Пежо” автомобилида “Дакар” ралли-марафонининг автомобиллар йўналишида ғолиб бўлди. Пойганинг якуний босқичи 20 январда бўлиб ўтди ва Аргентинанинг Кордова шаҳрида якунланди.    

Пойганинг 14 босқичига кўра Сайнснинг умумий вақти 49 соат 16 дақиқа 18 сонияни ташкил қилган. 2-ўринни қатарлик Нассир Ал-Аттия “Тойота”да эгаллади, у ғолибга 43 дақиқа 40 сония ютқазган. Жанубий африкалик Жиниэль де Вильерс “Тойота”да 3-ўринни эгаллаган, у ғолибга 1 соат 16 дақиқа ютқазган. 

Сайнс 2010 йилда ҳам “Дакар” ғолиби бўлган. У шу тариқа пойганинг 2 карра ғолибига айланди.

Карлос Сайнс. Фото: ZiFM Sport

Юк машиналар орасида Россиянинг “КамАЗ-мастер” жамоаси ғолиб бўлди. Эдуард Николаев бошчилигидаги жамоа 13 босқич (бир босқич об-ҳаво шароити туфайли бекор қилинган) якунларига кўра 54 соат 57 дақиқа 37 сония вақт билан 1-ўринни эгаллади. 2-ўринни Сергей Вязович бошчилигидаги "МАЗ-спорт" беларус жамоаси, 3-ўринни “КамАЗ-мастер”нинг яна бир экипажи эгаллаган.

33 ёшли Николаев пойганинг 3 карра ғолибига айланди. У 2013 йил ва 2017 йилда ғолиб бўлган. 

“КамАЗ-мастер” жамоаси 15-марта ғолибликни нишонлади. 

Пойга Жанубий Американинг уч давлати – Перу, Боливия ва Аргентина ҳудудлари орқали ўтган.

Top