19:40 / 20.01.2018
34899

ШИИББ: Соқоли ўсгани учун жарима солинмаган

KUN.UZ сайти ва бошқа қатор ахборот сайтларида “Соқоли олинмаган коллеж талабаси ҳуқуқбузар сифатида жазога тортилди” сарлавҳада мақола эълон қилинди. Мақолада соқоли олинмаган, спорт либосидаги 3-курс талабасига маъмурий жазо қўлланилгани, маҳаллада муҳокама қилингани ҳақида ёзилган эди. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ИИББ ушбу масалага ойдинлик киритди. 

Унга кўра, жорий йилнинг 17 январь куни Мирзо Улуғбек тумани ИИБ Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик профилактикаси инспекторлари томонидан Мирзо Улуғбек тумани Информатика касб-ҳунар коллежида "Давомат" тадбири давомида коллеж кириш эшиги (турникет)ни олдида коллеж ички ҳудудига шубҳали шахс киришга уринган. Ташқи кўринишидан соқоли ўсгани ва спорт кийимида бўлганлиги ИИБ ходимларида шубҳа уйғотган. 

Туман ИИБ Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик профилактикаси инспектори томонидан шубҳали шахс тўхтатилиб, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини тақдим қилиши сўралганида, ўқувчи қўпол муомалада бўлган. Ўзини таништирмасдан, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмасдан, жамоат тартибини бузиб, шовқин қила бошлаган. Бундан ташқари, ИИБ Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик профилактикаси инспекторининг қонуний талабларини бажармаган.

Олиб борилган суриштирув жараёнида ушбу фуқаро - Мирзо Улуғбек тумани Информатика касб-ҳунар коллежи 3-босқич ўқувчиси Х.Ж. эканлиги аниқланди. Х.Ж.нинг қилмишида Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (ички ишлар бўлими ходимининг қонуний талабларини, яъни ҳуқуқбузарликни тўхтатиш, ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш ҳақидаги талабларини бажармаслик) ва 183-моддаси (майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга хақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузиш каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик) маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлганлиги учун унга нисбатан ушбу моддалар билан маъмурий жавобгарлик таъсир чораси қўлланилди.

Шаҳар ИИББ мулозимининг KUN.UZ’га маълум қилишича, ўқувчининг соқоли олинмагани ёки спорт либосида бўлгани учун ички ишлар идоралари жарима қўллай олмайди. Чунки, бу масала коллеж маъмуриятининг ички тартиб-қоидасига мувофиқ, таълим муассасасининг Низоми доирасида чора кўришга асос бўла олади. Шунга мувофиқ, соқоли олинмагани учун жарима солинди, дейиш ҳуқуқий жиҳатдан тўғри бўлмайди. 

Тошкент ШИИББ

Top