08:55 / 24.01.2018
10179

Фантастик натижа! Леброн Жеймс МБА тарихига кирди

Фото: FOX Sports

«Кливленд Кавальерс» форварди Леброн Жеймс МБА мунтазам чемпионатининг «Сан-Антонио Спёрс»га қарши баҳсида фаолияти давомида тўплаган очколари сонини 30 000 дан оширди. 33 ёшли баскетболчида ўйиндан аввал 29 993 очко бор эди. «Спёрс» билан баҳснинг илк чорагидаёқ Леброн 8 очко жамғарди ва рекорд ўрнатди.

Шу тариқа, Леброн МБА тарихида бу кўрсаткичга эришган энг ёш ўйинчига айланди. Жеймс 30 мингинчи очкони 33 ёшу 24 кунлигида қўлга киритди. Бу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринда Коби Брайант қайд этилган, у 30 минг очкони 34 ёшу 104 кунлигида жамғарган.

Леброн ва Брайантдан ташқари (33 643 очко), фаолияти давомида 30 000 дан кўпроқ очкони фақат 5 ўйинчи жамғарган: Дирк Новицки (30 837), Уилт Чемберлен (31 419), Майкл Жордан (32 292), Карл Мэлоун (36 928) ва Карим Абдул-Жаббор (38 387).

Top