21:30 / 25.01.2018
9808

SpaceX дунёдаги энг кучли ракетани синовдан ўтказди

Фото: twitter/@elonmusk

АҚШнинг SpaceX компанияси 24 январда Falcon Heavy ракетасининг турган ҳолатда ўт олдириш синовини ўтказди. Бу ҳақда компания раҳбари Илон Маск маълум қилди. Синов вақтида Жон Кеннеди номидаги коинот марказининг 39А старт майдонида вертикал ҳолатда ўрнатилган, дунёдаги энг кучли ракетанинг биринчи поғонасининг 27 та Merlin 1D двигателлари бир вақтда ишга туширилди.

Двигателлар 12 сониягагина ёқилган. Синовлар вақтида ракетанинг муҳим тизимлари иши текширилди. Таъкидланишича, ракета двигателларининг шовқини старт майдончасидан 50 км узоқликда ҳам эшитилган, синов ҳудуди қуюқ булут билан қопланган.

Конструктив жиҳатидан Falcon Heavy’нинг 1-поғонаси марказий блок ва бир жуфт ён тезлаштиргичлардан иборат. Ракета паст таянч орбитага 63,8 тонна юк олиб чиқа олади, унинг учирилиши 90-120 млн доллар туради.

Фото: twitter/@elonmusk

Ракета январда учирилиши режалаштирилган, у Марсга Маскнинг шахсий машинаси Tesla Roadster’ни етказади.

 

Top