17:10 / 06.02.2018
39079

Ўқитувчиларга тоифа бериш тизимига ўзгаришлар киритилиши кутилмоқда

Фото: KUN.UZ

Бугунги кунда халқ таълими тизимида 408 минг нафар педагог фаолият кўрсатади, шулардан 3 фоизи олий тоифали, 12 фоизи 1-тоифали ва 50 фоиз атрофидаги контингент мутахассис тоифасига эга бўлган ўқитувчилардир. Уларга педагогик юкламаларнинг амалга оширилиши белгиланган ҳукумат қарорига кўра 1548 соат ҳажмда бир йил давомида, 154.8 фоиз ҳажмда ой давомида амалга оширилиши кўзда тутилган. KUN.UZ мухбири Халқ таълими вазирлиги вакилларининг сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Бугунги кунда халқ таълими вазирлигида ўқитувчиларга тоифа бериш жараёнини соддалаштириш, оптималлаштириш йўналишида ишчи гуруҳ ўз таклифларини тайёрламоқда. 

Маълумки, ўқитувчиларни рағбатлантириш директор жамғармаси орқали амалга оширилади. Директор жамғармаси имкон доирасидаги маблағлар ҳисобидан 15-40 фоизгача бўлган ҳажмда рағбатлантириш ишларини амалга ошириши керак. 

Ҳозирги кунда тоифа бериш масаласи пуллик бўлгани тўғрисида алоҳида ҳукумат қарори қабул қилиниб, бу масъулият Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат инспекциясига ўтказилган ва ўқитувчиларга тоифа бериш учун маълум даражадаги синовлардан ўтиш ва муайян миқдордаги тўлов орқали амалга оширилади. 

"Режалаштирган ғояларимиз ҳукумат даражасида  тасдиқлангандан кейин кучга киради. Бу жараёнда ўқитувчига тоифа беришда мутахассис тоифасидан олий тоифагача бўлган даража орасидаги тўловларни ошириш, мутахассисдан 1-тоифага, ундан 2-тоифага ва ҳ.к. олий тоифагача бўлган фарқларни кескин ошириш бўйича ва шу аснода директор жамғармаси орқали ўқитувчининг мавқеи ва обрўини оширишга хизмат қиладиган таклифларни ҳукуматга олиб чиқиш устида ишлаяпмиз", - дейди ХТВ вакили. 

Top