Жамият | 19:40 / 11.02.2018
30188
2 дақиқада ўқилади

Мактабларда фарзандларимизга қандай таомлар тортиқ этилиши керак?

Фото: Учтепа туман ХТБ

Бугунги кунда ёшларнинг етук маънавиятли, билимли, соғлом бўлиб шаклланиши учун давлат томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Фарзандаримиз соғлом бўлиб етишишида мактабларда овқатланиш тизимини тўғри ташкил этиш долзарб аҳамият касб этади. 

 Учтепа туман халқ таълими бўлими, Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси ҳамда Учтепа санитария-эпедимология назорати маркази томонидан 10 февраль куни туманда жойлашган 78-умумтаълим мактабида “Умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш муаммолари ва унинг ечимлари” мавзусида ўқув услубий ва амалий анжумани ўтказилди.

Анжуманда Учтепа туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактаблар директорлари, хўжалик ишлар бўйича директор ўринбосарлари, мактаблар ҳамширалари ҳамда мактаб ошхоналари ошпазлари иштирок этишди. 

Тадбирда ўрта таълим мактабларининг овқатланишини тўғри ташкил этиш, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, болалар рационини ҳисобга олган ҳолда таомлар тайёрлаш ҳақида сўз юритилди. 

Мактаб ошхонасида мумкин бўлмаган озиқ-овқат ва ичимликлар рўйхати тегишли ҳужжатларда кўрсатилган. Тадбирда мутахассислар томонидан арзон нархларда калорияли, болаларнинг соғлом бўлиб вояга етиши учун қандай таомлар тақдим этиш кераклигига доир назарий ва амалий билимлар берилди. 

Анжуман охирида мактаб ошхонасида Ўзбекистон ошпазлар уюшмасининг юқори малакали ошпазлари томонидан маҳорат дарслари ўтказилди, арзон ҳамда сифатли таомлар тайёрлаш ва уларни тақдим этиш усуллари амалиётда кўрсатиб берилди. Бундан ташқари, юртимизда етиштирилган меваларнинг қуритилган қоқисидан болалар учун фойдали бўлган шарбатлар, бир неча хил салатлар, суюқ ва қуюқ таомлар тайёрланиб, анжуман иштирокчиларига тақдим этилди.

Келажакда ҳар бир мактабда шу каби таомнома асосида таомлар тайёрлаш талаби қўйилди. 

Шу билан бирга, Учтепа тумани халқ таълим бўлими ва Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси ҳамкорликда жойларда мактаб ошпазларининг малакасини ошириш режаси тузилди.

Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид