10:48 / 16.02.2018
10603

"Олтин қалам" XIII миллий мукофот халқаро танловига старт берилди

Фото: ЎзМТРК

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, оммавий ахборот воситалари ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун кенг шароит яратиш ҳамда журналистларда танқидий-таҳлилий мушоҳада ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантириш ва рағбатлантириш мақсадида “Олтин қалам” ХIII миллий мукофоти учун халқаро танловни ўтказади.

3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишланган бу танловга 2017 йилнинг 31 мартидан 2018 йилнинг 31 мартигача – бир йил давомида газета ва журналларда чоп этилган, радио орқали эфирга узатилган ҳамда телевидениеда кўрсатилган ва Интернет нашрларида берилган материаллар 2018 йилнинг 10 апрелигача қабул қилинади.

Танлов ғолиблари учун қуйидаги мукофотлар таъсис этилган:

Журналистика соҳасида бош миллий мукофот

Ғолиб махсус диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 200 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Асосий мукофотлар:

  • Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (телевидение – 1-, 2-, 3-ўринлар);
  • Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (радио – 1-, 2-, 3-ўринлар);
  • Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (босма оммавий ахборот воситалари – 1-, 2-, 3-ўринлар);
  • Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (Интернет-журналистика – 1-, 2-, 3-ўринлар).

Биринчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 160 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланишади.

Иккинчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 140 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланишади.

Учинчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 120 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланишади.

Рағбатлантирувчи мукофотлар учун номинациялар:

  • оммавий ахборот воситаларида китобхонлик маданияти тарғиб қилинган энг яхши материал учун;
  • чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун;
  • энг яхши фоторепортаж;
  • энг яхши матбуот хизмати.

Мазкур номинациялар ғолиблари диплом, “Олтин қалам” статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланадилар.

“Олтин қалам” танлови ғолибларини мукофотлаш, шунингдек, уни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондининг молиявий кўмагида амалга оширилади.

Шунингдек, миллий ҳамкорлар ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЮНЕСКО каби қатор халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ва элчихоналар ҳам ўз рағбатлантирувчи мукофотларини таъсис этган.

Танлов шартлари:

  • Танловга теле-, радио-, босма материаллар ҳамда Интернет нашрларида эълон қилинган ишлар тақдим этилади (5 тадан кам бўлмаслиги керак).
  • Телевидение бўйича видеоматериаллар (CD, DVD дискда) 3 дақиқадан 30 дақиқагача бўлиши керак.
  • Радиоэшиттиришлар (CD, DVD дискда) 5 дақиқадан 30 дақиқагача бўлиши керак.
  • Матбуот ва Интернет материаллари асл нусхада ёки кўчирма нусхада тақдим этилиши лозим.

Танловга юборилган материалларга қуйидагилар илова қилиниши лозим:

  • муаллиф ҳақида маълумотнома (объективка);
  • муаллифнинг турар жойи, уй ва иш телефонлари;
  • паспорт нусхаси.

Танлов ғолибларини тантанали мукофотлаш маросими 2018 йил 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида тантанали равишда ўтказилади.

Мукофот бир шахсга такроран берилмайди.

Материаллар “Олтин қалам” танловига” деб кўрсатилган ҳолда қуйидаги манзилга юборилиши лозим:

100011, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 30-уй.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, 3-қават.

Телефонлар: 244-64-61, 244-37-87.

www.journalist.uz

Top