14:46 / 06.03.2018
10872

Олимлар қўшимча турар жой майдони ва қурилиш учун ер олишлари мумкин

Фото: Imagen

Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида «Фан тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси тақдим этилган, деб ёзмоқда Norma.uz.

Қонун лойиҳасида илмий ходимлар ва олимларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилган. Чунончи, давлат муассасалари ходимларига илмий унвонлари учун ойлик лавозим маошларига қуйидаги миқдорларда устама белгилаш режалаштирилмоқда:

• фалсафа фанлари доктори (PhD) ёки фан номзоди учун – ЭКИҲнинг 3 баравари (материал эълон қилинган санада 516 720 сўм);
• фан доктори (DSc) учун – ЭКИҲнинг 5 баравари (материал эълон қилинган санада 861 200 сўм).

Давлат ва уларга тенглаштирилган илмий ташкилотлар, шу жумладан Фанлар академияси бошқарув аппаратининг илмий ходимларига қуйидаги муддатга ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътили берилади:

• 48 иш куни – фан докторлари учун,
• 36 иш куни – фалсафа фанлари номзодлари ва докторлари (PhD) учун.

Бундан ташқари, давлат илмий муассасаларининг илмий ходимлари шу жумладан хорижий олий ўқув юртлари, илмий марказлар ва лабораторияларда малака ошириш, стажировка ўташ мақсадида 1 йил мобайнида 3 ойгача бўлган муддатга, иш жойи ва лавозимини сақлаган ҳолда, иш ҳақи сақланмаган таътил олишлари мумкин.

Илмий ходимларнинг яшаш шароитлари яхшилансин

Давлат ва уларга тенглаштирилган илмий ташкилотлар, шунингдек олий ўқув юртларининг илмий ходимлари ва муҳандис-техник ходимлари уй-жой билан имтиёзли таъминланиши кутилмоқда. Бунда уларнинг узлуксиз меҳнат стажи камида 5 йилни ташкил этиши керак. Имтиёз бериш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Фан докторлари, профессорлар, шунингдек фан номзодлари, PhD ва доцентлар қўшимча равишда тегишинча 20 ва 10 кв.м. турар жой майдони ёхуд бир хона олишлари мумкин. Яшаш шароитларини яхшилашга муҳтож, камида 5 йиллик умумий узлуксиз илмий стажга эга бўлган илмий ходимларга якка тартибда уй-жой қуриш учун имтиёзли кредит шартларида ер участкалари берилади.

Интеллектуал мулк объектларига тижорат тусини бериш тартиби

Лойиҳада давлат бюджети ҳисобига яратилган илмий тадқиқотлар натижаларини учинчи шахсларга бериш тартиби белгиланган. Мазкур ҳолда интеллектуал мулк объектлари эгалари уларнинг ихтирочилари билан биргаликда давлат буюртмасини амалга ошириш ишларини бажариш учун буюртма берувчилар ҳисобланади.

Интеллектуал мулк объектларини келгусида фуқаролик оборотига жорий этиш мақсадида унинг мулкдори уларни ижрочиларга (хўжалик юритувчи субъектларга) бериши, шунингдек қуйидагича трансферни амалга ошириши мумкин:

• маҳаллий ва қўшма корхоналарнинг устав капиталларига интеллектуал капитал қўйиш;
• интеллектуал мулк эгаларининг акцияларини унинг қиймат баҳосига мувофиқ муомалага чиқариш;
• патентлар сотиш;
• лицензиялар сотиш;
• муаллифлик ҳуқуқларини сотиш;
• баҳоланган интеллектуал мулкнинг гарови остида турли банкларнинг кредитлар тақдим этиши;
• интеллектуал мулкни ишончли бошқарувга бериш.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Top