23:00 / 19.03.2018
30914

Ўзбекистон Россиянинг авиақатновлар бўйича таклифини қабул қилмади

Фото: Сергей Бобылев / Коммерсантъ

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Авиацион ҳукумати жорий йилнинг 28 февраль-1 март кунлари Тошкент шаҳрида фуқаролик авиацияси соҳасидаги ҳамкорликнинг кейинги ривожига доир масалаларни муҳокама қилиш учун учрашишди. "Росавиация" сайтида маълум қилинишича, учрашувлар илиқ ва дўстона муҳитда ўтган. Томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳаво қатновлари масалаларини муҳокама қилиб, кенг кўламли масалалар бўйича ўзаро фикр алмашишган.

1. Россия томон икки мамлакат ўртасида амалга оширилаётган рейслар сонига нисбатан хавотирини билдирган. Маълумотларга кўра, 2014 йилдан буён Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги авиақатновлар деярли икки бараварга камайган. Россия парвозларнинг тижорий ҳуқуқларини кенгайтиришга қизиқиш билдирган.

Ўзбекистон томони Россия ташувчиларига парвозлар дастурларини тасдиқлашда ва ўз аэропортларида устуворлик кўрсаткичлари бўйича слотлар (Слот - аэропортда рейсга ажратилган вақт) тақдим этишда ёрдам беришига ишонтирган.

2. Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳаво қатновларини келгусида кенгайтириш мақсадида Россия томони тегишли россиялик ташувчиларга частоталарни эркин танлаш ҳуқуқи тақдим этилишини таклиф қилди.

Ўзбекистон томони биринчи босқич сифатида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги келишувли линиялардаги парвозлар сонини аниқлаб олиш зарурлигини таъкидлади.

Россия томони Ўзбекистоннинг бу таклифи Россия авиатранспорт комплекси манфаатлари ва икки мамлакат ўртасидаги ҳаво қатновларини ривожлантириш руҳига номувофиқлигини қайд этган.

3. Россия томони 1994 йил 2 мартдаги РФ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги келишувларнинг Йўналишлар жадвалига Жуковский ва Анапа пунктларини ҳам киритишни таклиф қилди.

Ўзбекистон томони умуман олганда Анапанинг йўналишлар жадвалига киритилишига қарши эмаслигини қайд этган. Бироқ Жуковский йўналишини Келишувга қўшишга ҳали эрта деб ҳисоблаган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон томони йўналишлар жадвалига Сочи ва Владивосток пунктлари киритилишига қизиқиш билдирган.

Россия томони Ўзбекистон Анапа ва Жуковский пунктларини Келишувга қўшишга рози бўлган тақдирда, Сочи ва Владивосток пунктларини жадвалга киритишга тайёр эканини билдирган.

Томонлар юқорида қайд этилган ва бошқа қатор масалаларни музокараларнинг кейинги босқичида муҳокама қилишни давом эттиришга келишиб олишган.

Top