20:10 / 26.03.2018
8785

Бишкекда ички ишлар ходими покистонликларга ҳужум қилишда гумон қилинмоқда

Фото: Sputnik / Табылды Кадырбеков

Бишкекда Покистон фуқароларига ҳужум қилиш ва йирик қийматдаги маблағни талаб қилиш гумони билан 2 киши ушланди.

Бишкек ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, 25 март соат 23.50да навбатчи бўлимга хорижликларга ҳужум қилингани ҳақида хабар тушган. 

Милициянинг аниқлашича, ўша кун соат 19.30да икки номаълум шахс 3 нафар покистонликнинг ётоқхонадаги хонасига бостириб кирган. Жиноятчилар покистонликларни дўппослаб, уларнинг қўлларига кишан тақиб, куч ишлатиш таҳдиди билан улардан уяли телефонлар ва пулларни олиб қўйиб, ўзларини машинага ўтказишган. Шундан кейин жиноятчилар жабрланувчилардан 2 минг доллар талаб қила бошлашган.

Жиноятчилар талаб қилинаётган пулни топиб келиш учун покистонликлардан бирини қўйиб юборишган. Покистонлик пул топа олмагач, милицияга хабар берган.

Босқинчилик қилиш гумони билан 28 ёшли ва 23 ёшли эркаклар ушланган. Улардан биринчиси Қирғизистоннинг Чуй вилояти ички ишлар бошқармаси тезкор жавоб бериш махсус отряди ходими бўлиб чиққан.

Қўлга олинганлар кўздан кечирилганда уларнинг ёнидан жабрланувчиларга тегишли телефонлар ва кишанлар калити топилган.

Ушбу жиноят бўйича Қирғизистон Жиноят кодексининг “Босқинчилик” ва “Товламачилик” моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Айни вақтда гумонланувчилар Бишкекдаги вақтинчалик сақлаш изоляторида ушлаб турилибдилар. Шунингдек, қўлга олинган махсус отряд ходимининг бевосита раҳбарларига нисбатан ҳам тергов олиб борилмоқда.

Top