01:20 / 27.03.2018
8058

Facebook билан боғлиқ можаро сабабли одамлар Цукербергдан юз ўгирмоқдалар

Фото:Reuters\Lucas Jackson

Facebook билан боғлиқ можародан кейин ижтимоий тармоқдаги аккаунт эгалари унга ишонмай қўйдилар ва уни демократик жамиятга таҳдид деб ҳисобламоқдалар. Бундан Reuters ахборот агентлиги ва Bild нашри чоп этган жамоатчилик фикри сўровномалари натижалари дарак бермоқда.

19 март куни CNN телеканали Facebook’нинг 50 млн фойдаланувчиси ҳақидаги маълумотлар ижтимоий тармоқ билан ҳамкорлик қилувчи Cambridge Analytica компанияси орқали чиқиб кетганини маълум қилган. Cambridge Analytica thisisyourdigitallife дастури ёрдамида фойдаланувчилар ҳақида маълумотларни йиғиб, сўнгра уларни бошқа ташкилотлар, жумладан сиёсий штабларга сотган. 

Reuters/Ipsos ўтказган сўровнома натижаларига кўра, 41 фоиз америкаликлар Facebook’га маълумотларни ишлашида тўлиқ ишонч билдирадилар. Қолганлар эса компания шахсий маълумотни ҳимоялаш қонунларининг барча талабларини бажаришига шубҳа билдиришган.  

Бу кўрсаткичлар ахборот технологиялари гигантларига фойдаланувчилар билдирган ишонч рейтингида энг пасти ҳисобланади. 

Bild чоп этган сўровномалар натижалари эса компания ўз обрўсини анча йўқотганини кўрсатмоқда. Маълумотларга кўра, 60 фоиз респондентлар ижтимоий тармоқларлар демократияга салбий таъсир кўрсатган, деб ҳисоблайдилар. 

Мутахассисларнинг фикрича, фойдаланувчилар Facebook’ни оммавий равишда тарк этишлари ҳақида гапиришга ҳали эрта. “Facebook каби ижтимоий тармоқдан воз кечиш руҳан қийин, чунки у одамлар ҳаётига сингиб кетган”, деб изоҳ берган вазиятга интернет-таҳлилчи Дебора Уильямсон. Унинг фикрича, ишончнинг йўқолиши аудиториянинг сервисдан тўлиқ воз кечишини англатмайди.

Ўтган ҳафта deletefacebook номли флешмоб йўлга қўйилганди: фойдаланувчилар ўз маълумотлари хавфсизлигидан хавотирланиб, Facebook’даги профилларии ўчириб ташлаганлар. Ушбу ҳаракатни Tesla раҳбари Илон Маск ҳам қўллаб-қувватлаган.

Можаро сабабли компания акциялари нархи 14 фоизга тушиб кетди. 

Top