12:01 / 28.03.2018
10962

Рустам Қосимжонов Фабиано Каруанани жаҳон чемпионлиги учун учрашувга олиб чиқди

Жорий йилнинг 10-28 март кунлари Германиянинг Берлин шаҳрида шахмат бўйича Тож талабгорлари мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақа амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен билан жаҳон шахмат тожи учун учрашувга чиқувчи талабгорни аниқловчи энг нуфузли мусобақалардан бири ҳисобланади. 

Шахмат федерацияси хабарига кўра, мусобақада 8 нафар жаҳон шахмат юлдузи: Шаҳриёр Мамедёров (Озарбойжон), Владимир Крамник (Россия), Уэсли Со (АҚШ), Левон Аронян (Арманистон), Фабиано Каруана (АҚШ), Дин Лижэнь (Хитой), Александр Гришчук (Россия), Сергей Карякин (Россия) иштирок этди.

Мусобақа икки давра тизимида ўтказилди. Якуний натижаларга кўра, ҳамюртимиз Рустам Қосимжонов ёрдамчи мураббийлиги остида мусобақада иштирок этган америкалик Фабиано Каруана 9 очко билан 1-ўринни эгаллади. Кейинги ўринларни озарбойжонлик Шаҳриёр Мамедёров ҳамда россиялик Сергей Карякин эгаллади. 

Фабиано Каруана жорий йилнинг ноябрь ойида Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида норвегиялик Магнус Карлсен билан жаҳон шахмат тожи учун бўлиб ўтадиган баҳсда иштирок этади.

Top