Жаҳон | 15:48 / 07.04.2018
15646
2 дақиқада ўқилади

Жээнбеков: одамларни қулга айлантирмоқчи бўлганларга тегишли жавоб қайтарилди

Фото: kabar.kg

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков Апрель халқ инқилоби муносабати билан қирғизистонликларга мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда давлат раҳбари девонининг ахборот сиёсати бўлими хабар берган.

«Қирғиз халқи тарихи умумий қаҳрамонлик ва ғалабанинг ёрқин намуналарига бой, бунда халқ бир бутун бўлади ва керакли мақсадга эришишда қатъий ирода кўрсатади. 2010 йилнинг 7 апрель кунги халқ инқилоби шундай муҳим ҳодисалардан бири саналади», - дейилади хабарда.

«Айнан ўша кун мамлакатни боши берк кўчага олиб бораётган йўлдан ёрқин келажакка қаратилган тарихий бурилиш амалга оширилди. Биз бутун дунёга Қирғизистон ҳалқи адолат идеалларини қандай юқори баҳолаши, ҳеч қачон тиз чўкмаслиги ва уруғ-аймоқчилик бошқарувига чидаб турмаслигини яна бир бор кўрсатдик. Бизнинг қаҳрамонлар халқнинг буюк келажаги учун ўз ҳаётини қурбон қилди. Унинг ишончли асоси, мустаҳкам таянчи бўлишди», - дея таъкидлаб ўтди президент.

«2010 йилнинг 7 апрель куни қирғиз халқи таянчига айланган қаҳрамонлар туфайли халқнинг орзуси ушалди. Ҳокимиятни эгаллаб олмоқчи, халқ бойлигини ўзлаштирмоқчи ва одамларни қулга айлантирмоқчи бўлганларга тегишли жавоб қайтарилди», - деди Сооронбай Жээнбеков

«Давлатчилик мустаҳкамланди, йирик сиёсий ўзгаришлар юз берди. Эркин, демократик сайловлар бўлиб ўтди. Қирғизистон ҳақиқий демократик давлат эканини бутун дунёга кўрсатди. Иқтисодиёт, ижтимоий соҳада йирик лойиҳалар амалга оширилди. Бироқ бизнинг олдимизда ҳали кўп вазифалар бор. Бизнинг мақсад аниқ ва тушунарли: ривожланиш йўлидан четлашмаслик, Қирғизистонни яшаш учун энг яхши жойга айлантириш, уни эркин, ҳуқуқий ва кучли давлат қилиш», - дейилган хабарда.

 

Мавзуга оид