Жамият | 21:06 / 10.04.2018
10758
2 дақиқада ўқилади

Фурнитура ўрнига газлама олиб кирмоқчи бўлганлар фош этилди

Республикада ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун жорий қилинган қулайлик ва енгилликларни суиъстемол қилган ҳолда товар-моддий бойликларни ноқонуний йўллар билан олиб киришга бўлган навбатдаги уринишлар фош этилди.

Божхона органлари томонидан фаолиятга замонавий инновацион технологияларни жорий қилиш божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришга хизмат қилиш билан бир қаторда товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтиш ҳамда давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган тўловлардан қочишга бўлган уринишларни ўз вақтида аниқлашга хизмат қилмоқда.

Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан шу турдаги бир қатор божхона қоидабузарликлари фош қилинди.

Хусусан, пойтахтда фаолият кўрсатувчи масъулияти чекланган жамияти номига Туркиядан  келтирилган юклар мобиль сканер кўмагида божхона кўригидан ўтказилганида, аслида йўл-юк кузатув ҳужжатларига кўра қиймати салкам 3 минг АҚШ долларини ташкил қилувчи 3,8 тонна оғирликдаги тикувчилик фурнитуралари ўрнида бутунлай бошқа товарлар яъни 83 ўрамда салкам 12 минг метр квадрат газламалар борлиги маълум бўлди, деб хабар беради Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.

Фото: Тошкент шаҳар божхона бошқармаси

Шунга ўхшаш ҳолат яна бир масъулияти чекланган жамият номига олиб келинган юкларнинг божхона кўриги давомида ҳам қайд этилди. Ҳужжатларга кўра 10 минг АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги ушбу юклар 1,4 тонна оғирликдаги, 10 минг метр квадратдан ортиқ матолар бўлиши лозим эди. Аммо божхона кўриги давомида ушбу товарлар ҳужжатда кўрсатилганидан салкам 4800 метр квадратга кўпроқ эканлиги аниқланди. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид