Жаҳон | 15:21 / 18.04.2018
8166
2 дақиқада ўқилади

Бошқирдистонда ўқувчи мактабга ҳужум қилди ва синфхонани ёқиб юборди

Фото: РИА "Новости"

Стерлитамакда мактаб ўқувчиси синфдошлари ва ўқитувчисига ҳужум қилди, шундан сўнг синфхонани ёқиб юборди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.

Ҳодиса 1-сонли мактабда юз берган. Sterlitamak.ru портали маълумотларига кўра, қизлардан бири ҳужум қилган шахсдан қутулиб қолиш мақсадида деразадан пастга қараб сакраган.

Ufa1.ru’нинг гувоҳларга асосан хабар беришича, тўққизинчи синф ўқувчиси дарсга кирмаган ва йўлакда ўтирган.

«Ўқитувчи ўсмирни хонага олиб кирган, йигит ўзини тажовузкор тутди ва синфдошининг қўлига пичоқ билан зарба берди, шундан сўнг ўқитувчига ташланди. У ваҳима бошланганидан кейин синфхонага бензин сепиб, уни ёқиб юборди ва ўз жонига қасд қилишга уринди», - деб ёзади портал.

Умумий ҳисобда тўрт киши жабрланди: икки ўқувчи қиз, информатика ўқитувчиси ва ҳужум қилганнинг ўзи. Воқеа жойига тез тиббий ёрдам бригадаси етиб келди.

Тергов қўмитасининг ўз телеграм-каналида хабар беришича, воқеа жойида тергов гуруҳи ишламоқда. Жиноий иш қўзғатиш масаласи кўриб чиқиляпти.

Мавзуга оид