16:52 / 26.04.2018
14670

МИБ электр ҳисоблагичлар кўрсаткичларини ҳар ой олишни режалаштирмоқда

Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар лойиҳаси эълон қилинган.
 
Norma’нинг ёзишича, биринчидан, Мажбурий ижро бюроси (бундан кейин – Бюро) истеъмолчи билан биргаликда ҳар ой ҳисобга олиш приборларидан кўрсатмалар олиши тартибини татбиқ этиш таклиф қилинмоқда. Бу электр энергияси истеъмолининг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш ва зарурат туғилганда ҳисобга олиш приборларининг уланиш схемаларини текшириш учун зарур.    
 
Иккинчидан, маиший истеъмолчилар ва истеъмолчи – юридик шахслар учун намунавий шартномалар Қоидалардан чиқариб ташланади. Шартномаларни «Ўзбекэнерго» АЖ ишлаб чиқади, «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси кейинчалик ҳуқуқий экспертизадан ўтказган ҳолда тасдиқлайди.
 
Учинчидан, маиший истеъмолчиларда барча замонавий электрон ҳисобга олиш приборлари ҳудудий электр тармоқлари корхоналари (бундан кейин – ҲЭТК) маблағлари ҳисобига сотиб олинади, ўрнатилади, рўйхатдан ўтказилади, даврий давлат қиёсловидан ўтказилади ва пломбаланади. Бу мавжуд (шу жумладан индукцион) ҳисоблагичларга ҳам тааллуқли. Илгари фақат Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланадиган махсус электрон ҳисоблагичлар бепул ўрнатилган.  
 
Тўртинчидан, тўлов ҳужжатида хатолик ёки ҳисоблагич кўрсаткичларида ноаниқлик борлиги аниқланганда, ҲЭТК Бюро билан биргаликда ҳисоб-китобларнинг тўғрилигини текширади, шунингдек ҳисобга олиш приборини кўздан кечиради (зарурат туғилганда). Шу ўринда ушбу тартиб амалиётда қўлланилаётганлигини қайд этиб ўтамиз.
 
Бешинчидан, электр энергиясидан реклама, чироқлар билан безатиш, бино ва иншоотларни ёритиш учун фойдаланишга ҲЭТКдан рухсат олиш тартиби бекор қилинади. Бундан ташқари, электр энергиясидан технологик мақсадда иситиш, тижорат мақсадида овқат тайёрлаш, шунингдек хоналарни иситиш ва иссиқ сув таъминоти мақсадида фойдаланишга «Ўздавэнергоназорат» инспекциясининг розилигини олиш учун техник-иқтисодий асослар тақдим этишга тўғри келмайди.
 
Олтинчидан, кўп хонадонли уй-жойлардаги хонадонларда ва шахсий уй-жойларнинг ичидаги иморатларда ўрнатилган ҳисобга олиш приборлари бут ва яхлит сақланиши учун жавобгарлик истеъмолчи зиммасига юклатилиши ҳақида аниқлик киритирилди. Ҳақиқатда бу ҳисоблагичларни уй ичига ўрнатишга рухсат берилишини англатади.
 
Еттинчидан, истеъмолчининг айби билан ҳисобга олиш приборининг хотира блоки ва дастурлаштирилишига кириш тугмачасига (бўлмасига) ташқаридан таъсир кўрсатилган бўлса, бу электр тармоқларидан узиб қўйишга олиб келади. Бунда ҳисобга олиш приборлари охирги марта алмаштирилган ёки уларнинг уланиш схемалари қиёсловдан ўтказилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан (3 йил) ортиқ бўлмаган муддат учун қайта ҳисоб-китоб амалга оширилади.
 
Саккизинчидан, реактив энергия истеъмоли учун устама миқдори иқтисодий қийматнинг амалдаги миқдоридан келиб чиқиб аниқланади. Ҳозир устама миқдори (қиймат доирасида – ҚҚСсиз актив энергия учун тарифдан 5%, қиймат миқдоридан ортиқ – 10%) шартномада белгиланган иқтисодий қийматга боғлиқ. Келгусида ҳисобот даври якунлангач, истеъмол қилинган актив энергия миқдори таъсир кўрсатадиган амалдаги миқдор аниқланади.
 
Тўққизинчидан, катта ва кичик юкламали соатлар бир соат олдинга кўчирилади. Катта юкламали соатлар 6:00 дан 22:00 гача, кичик юкламали соатлар эса – 22:00 дан 6:00 гача этиб белгиланади. Эслатиб ўтамиз, чегирмалар (ҚҚС ҳисобга олинмаган ҳолда тарифнинг 15%и) истеъмолчи ушбу катта юкламали соатларда реактив энергия генерация қилиши ва уни кичик юкламали соатларда истеъмол қилишига боғлиқ.
 
Ўнинчидан, овқат тайёрлаш учун марказлаштирилган тарзда электр плиталар билан жиҳозланган кўп хонадонли уй-жойларда ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчилар фойдаланадиган электр энергияси ҳақини қуйидагича тўлаш таклиф этилмоқда. Қуйидаги миқдорда истеъмол қилганда:
 
• ҳисобот даврида (бир ойда) соатига 300 кВт доирасида – мазкур тариф гуруҳи амалдаги тарифининг 50%и миқдорида;

• худди шу даврда соатига 300 кВт дан ортиқ бўлса – кўрсатилган нормадан ошувчи ҳар кВт соат учун мазкур тариф гуруҳи амалдаги тарифининг 100%и миқдорида.
 
Ҳозир имтиёзли истеъмол лимити белгиланмаган ва истеъмолчилар 50% тўламоқдалар. У айнан ниманики?
 
Ўн биринчидан, I ва II тариф гуруҳлари истеъмолчиларига IV тариф гуруҳи бўйича технологик мақсадда электр энергияси ҳақини тўлаш тақиқланади. Бироқ улар биноларни иситиш, иссиқ сув таъминоти ва овқат тайёрлаш учун электр энергиясига аввалгидек IV тариф гуруҳи бўйича тўлашлари мумкин бўлади.
 
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Top