Жаҳон | 10:27 / 02.05.2018
7239
2 дақиқада ўқилади

Трамп ўз соғлиғи ҳақидаги маълумотномани шахсан ўзи айтиб ёздиргани маълум қилинди 

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп 2016 йилдаги сайловолди кампанияси давомида соғлиғи ажойиб ҳолатда эканлиги ҳақидаги маълумотномани шахсан ўзи айтиб ёздирган. Бу ҳақда Трампнинг ўша вақтдаги шифокори Харольд Борнстейн маълум қилди. 

“У бу маълумотномани ўзи айтиб ёздирган. Мен уни ёзмаганман. Мен барчасини йўл-йўлакай ўйлаб топганман”, деб иқрор бўлган Борнстейн CNN телеканалига.

Трампнинг соғлиғи ҳақидаги икки варақлик маълумотнома ҳаддан ташқари оптимистиклиги сабабли ўз вақтида мазахларга сабаб бўлганди. Маълумотнома Борнстейн томонидан имзоланган бўлган. Унда Трамп “жуда кучли ва бардошли” экани ва “қачондир АҚШ президенти этиб сайланганлар ичида энг соғломи” бўлиши айтилган.

Борнстейн Трампнинг тансоқчиси кейинроқ унинг офисини тунаб, ундан Трампнинг соғлиғи ҳақидаги ҳужжатларни тортиб олганини ҳам маълум қилди. Бироқ АҚШ президентининг матбуот котиби Сара Сандерс 1 майдаги брифингда Оқ уй бу ҳужжатларни белгиланган тартибда олганини маълум қилган.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид