Жаҳон | 19:34 / 06.05.2018
15224
2 дақиқада ўқилади

Ироқлик мигрант суриялик қочқин болага ўз пойабзалини ечиб берди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ижтимоий тармоқларда трамвайда ўз пойабзалини ечиб, уни бошпанасиз болага кийдираётган йигитнинг сурати вирус каби кенг тарқалди. Бу 21 ёшли ироқлик муҳожир Муҳаммад Ас-Самарий бўлиб чиқди, деб ёзади Туркиянинг DailySabah нашри. 

Ас-Самарий Қора денгиз бўйидаги Самсун шаҳрида трамвайда кетаётганида пойабзалсиз турган суриялик қочқин болани кўради. У ташқарида ёмғир ёғаётган бўлишига қарамай, дўст-биродарлари кўз олдида ўзининг ботинкасини ечиб, болага беради.

"Агар яна пойабзалсиз болани кўрсам, худди шу ишни такрорлайман", - деди Ас-Самарий "Ислас" ахборот агентлигига. Маҳаллий аҳоли пойабзал тақдим қилинган болани топишга ҳаракат қилмоқда. 

Мебел дўконида ишловчи Ас-Самарий 4 йил аввал ота-онаси билан Ироқдан Туркияга келган.

"Дастлаб бола пойабзални олмади. Мен унга уйим яқин орада экани, шу боис пойабзалсиз етиб олишим мумкинлигини айтдим. Совуқ кунда оёқ кийимсиз ёки юпун кийинган болаларга қарай олмайман", - дейди Самарий.

У ўз суратлари вирус каби тарқалганидан бехабар бўлгани, кафеда нонушта қилаётганида нотаниш кимса келиб, у билан суратга тушиш истагини билдирганидан кейингина бундан хабар топганини қўшимча қилди.

"У кишидан нима учун мен билан билан суратга тушмоқчи эканини сўрадим ва у менга газеталарни кўздан кечиришга чақирди. Шундагина уларда ўзимни суратимни кўрдим", - дейди у.

Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид