21:30 / 14.05.2018
21033

Ал-Қудсда Америка элчихонаси очилди

Бугун, 14 май куни Ал-Қудс шаҳрида (Қуддус) АҚШ ўз элчихонасини очди, америкаликлар Тель-Авивдаги элчихонани бу ерга кўчирди.

Элчихонани кўчириш маросими Исроил давлати ташкил топганининг 70 йиллиги кунига тўғри келди.

Маросимда АҚШдан юқори мартабали кишилар келишди, жумладан, АҚШ президенти Дональд Трампнинг қизи Иванка ҳамда унинг турмуш ўртоғи, президентнинг катта маслаҳатчиси Жаред Кушнер, Молия вазири Стивен Мнучин ҳамда АҚШнинг Яқин Шарқдаги махсус элчиси Жейсон Гринблатт Ал-Қудсда ҳозир эди.

Иванка Трамп ва АҚШ Молия вазири Стивен Мнучин / © EPA-EFE/ABIR SULTAN

Элчихонанинг очилиш маросимида Исроил бош вазири Биньямин Нетаняҳу ҳам иштирок этди. Трампнинг ўзи Исроилга келмади, аммо у маросимни телекўприк орқали кузатиб борди.

Трамп видеомурожаат орқали очилиш маросими меҳмонларига элчихонанинг расман очилганини эълон қилди.

Трампнинг баёнотига кўра, Исроил суверен давлат ҳисобланади ва ҳар қандай мустақил давлат каби ўз пойтахтини белгилаш ҳуқуқига эга. Шунингдек, у кўп йиллар давомида Исроилнинг пойтахти Ал-Қудс эканлиги тан олинмаганини қайд этган.

Фото: Reuters

Трампнинг сўзларидан сўнг АҚШ молия вазири Стив Мнучин бош консулликдаги Қўшма Штатлар герби ва ёзув устидаги ҳаворанг матони туширди. Энди дипломатик миссия элчихона мақомини олди.

Америка элчихонаси вақтинча АҚШнинг шаҳардаги бош консулхонаси биносида фаолият олиб боради. Шу билан бирга, Тель-Авивдаги бино АҚШ дипломатик миссияси мақомини сақлаб қолган: ходимларнинг аксар қисми элчихона учун янги бино қурилмагунича шу ерда ишлашни давом эттиради. Ҳозирча Ал-Қудсда фақат элчи ва яна бир неча дипломатлар фаолият юритиб туради.

Дональд Трамп ўтган йилнинг 6 декабрида Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олганди ва АҚШ ўз элчихонасини Тель-Авивдан шу шаҳарга кўчирмоқчилигини маълум қилганди.

Худди шу вақтда Исроил ташкил топганининг 70 йиллиги ва бу юбилейга бағишлаб АҚШ элчихонасининг Ал-Қудсга кўчирилиши сабабли Ғазода норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Исроиллик аскарлар барча намойишчиларни ўққа тутган. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар сони 52 кишини ташкил қилмоқда. Яна 2,4 мингдан кўпроқ одам ярадор бўлган.

Мавзу
Ғазо секторида янги можаро

14 май куни АҚШ Қуддусда элчихонаси очилишига жавобан Ғазо секторида фаластинликлар норозилик намойишлари ўтказишди. Натижада Исроил ҳарбийлари билан қуролли тўқнашувлар келиб чиқиб, 40дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди.

Барчаси
Top