10:47 / 21.05.2018
20686

ЕЧЛга қайтиш. Ҳал қилувчи ўйинда барчаси 3 дақиқа ичида ўзгарди

Италия А Сериясининг охирги турида Римда Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун тўғридан-тўғри рақиблар «Лацио» ва «Интер» ўртасида муҳим учрашув ўтказилди. 37-турда «Лацио» «Кротоне»ни мағлуб этиб, барчасини ҳал қилиши мумкин эди, аммо бу ўйиндаги қоқилиш (1:1) қимматга тушадиган бўлди. Охирги тур арафасида римликларда 72, миланликларда 69 очко бор эди - Лучано Спаллетти жамоасини фақат ғалаба қониқтирарди.

Ўйинда ҳисоб «Лацио» томонидан очилди – тўп Перишич орқали дарвозага бориб тушди. Биринчи бўлим давомида Д’Амброзио ҳисобни тенглаштирди, аммо 41-дақиқада «Лацио» Фелипе Андерсоннинг голи эвазига яна олдинга чиқиб олди. 75-дақиқада ўйин ҳаками «Лацио» дарвозаси томон пенальти белгилади, аммо видеотакрордан кейин қарорини ўзгартирди.

«Интер»га вазиятни ўзгартириш учун вақт етмаётгандек эди, аммо тезда миланликлар яна бир пенальти ишлади. Стефан де Врей жарима майдони ичида Мауро Икардини йиқитди. Энг қизиғи, «Лацио»нинг нидерландиялик ушбу ҳимоячиси кейинги мавсумни «Интер»да ўтказади - унинг Миланга трансфери масаласи ҳал бўлган. Икарди пенальтини аниқ ижро этиб, ўзининг чемпионатдаги 29-голини нишонлади. У ва «Лацио» ҳужумчиси Чиро Иммобиле бир хилда натижа кўрсатиб, А сериянинг энг яхши тўпурарларига айланишди.

Пенальтидан бир дақиқа ўтиб «Лацио» ўн киши бўлиб қолди - Сенад Луличга қизил карточка кўрсатилди. Икки дақиқа ўтиб эса «Лацио»нинг иродаси бутунлай синди: Матиас Весино бурчак тўпидан кейин тўпни дарвозага йўллади ва «Интер»ни Чемпионлар лигасига олиб чиқди.

«Балки «Лацио» Чемпионлар лигасисиз қолиши – тақдирдир. Бунда кимнидир айблаш ноўрин, Де Врейни яна майдонга туширган бўлардим, у бугун яхши ўйин кўрсатди», деди ўйиндан кейин римликлар бош мураббийи Симоне Индзаги.

Шу тариқа, мавсум якунларига кўра тўртинчи ўринни қўлга киритган «Интер» 6 йил ичида илк марта Чемпионлар лигасида ўйнайдиган бўлди. Охирги марта миланликлар ушбу турнирда 2011/12 йилги мавсумда иштирок этган – ўшанда Клаудио Раньери бошқарувидаги «Интер» плей-офф босқичида «Марсель»га ютқазганди.

Top