Ўзбекистон | 16:10 / 24.05.2018
26790
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинганлар сони рекорд даражага етди

Кейинги ярим йил ичида Ўзбекистон фуқаролиги 1500 нафар кишига берилди. Бу ҳақда Адлия вазири ўринбосари Маҳмуд Истамов Тошкентда ўтказилган брифинг чоғида маълум қилган.

«Кейинги ярим йил ичида биз 1500 кишини фуқароликка қабул қилдик. Бундай ҳолат кейинги 20 йил ичида кузатилмаганди», – дея Истамовнинг сўзларини келтирган Kun.uz мухбири.

Бундан аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда 1000дан ортиқ кишига фуқаролик берилганини маълум қилганди. Президент фуқаролик тақдим этиш тўғрисидаги биринчи қарорини 2016 йил декабрида имзолаганди.

ИИВ маълумотига кўра, 1991 йилдан 2007 йилга қадар бўлган муддатда жами 482 кишига Ўзбекистон фуқаролиги берилганди.

«Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун 1992 йилда қабул қилинган. Ушбу қонуннинг 4-моддасига кўра, келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолатидан, ирқи ва миллатидан, жинси, маълумоти, тили, сиёсий қарашлари, диний эътиқоди, машғулотининг туридан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахслар фуқароликка қабул қилиниши мумкин.

Фуқаролик сўраган шахс сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаган бўлиши керак.

Мавзуга оид