Ўзбекистон | 15:00 / 25.05.2018
16850
2 дақиқада ўқилади

Агротуризм - Ўзбекистонда туризм соҳасидаги янги йўналиш

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонга ташриф буюрувчи чет эллик сайёҳларнинг мамлакатимизда саёҳат қилиш вақтини узайтириш, маҳаллий туристлар учун дам олишнинг янги турларини татбиқ этиш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан агротуризмни ривожлантириш устида ишлар олиб борилмоқда. 

2018 йил учун давлат дастурининг 104-пункти - Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологиялар ижроси мақсадида 4 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан "Агротуризмни ривожлантириш дастури" тасдиқланди. 

Агротуризм Испания, Италия, Буюк Британия, Греция ва Францияда яхши ривожланган. Бу мамлакатларга борган сайёҳлар муайян вақт давомида қишлоқ жойларда яшаб, маҳаллий халқ маданияти, урф-одатлари, турмуш тарзи билан танишишади, анъанавий қишлоқ хўжалик ишларида иштирок этишади. Масалан, Буюк Британияда фермерларнинг 60 фоизи туризм соҳасидан тизимли равишда даромад олишни йўлга қўйишган, ўртача йиллик даромад 10-50 минг АҚШ долларини ташкил қилади.

Ҳозирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан агротуризм йўналиши бўйича сайёҳларни қабул қилиш имконига эга объектларни ўрганиш ишлари бошлаб юборилди, шу асосда уларнинг рўйхати шакллантирилади. 

Таъкидлаш жоизки, қўмитанинг расмий саҳифаси ва ижтимоий тармоқларда туроператорлар дастур тузишлари ва сайёҳлар мустақил равишда ташриф буюришлари учун агротуризм объектлари ҳақида батафсил маълумотлар бериб борилади. Хорижий ва маҳаллий сайёҳлар бу объектларга бевосита ташриф буюриб, туризм соҳасидаги янгича ёндашувдан завқ олишлари мумкин бўлади. 

Агротуризм соҳасида ўз таклифларига эга бўлган ва ушбу йўналишда фаолият олиб бориш истагида бўлганлар қўмитанинг телеграмдаги @Agroturizmuzbekistan гуруҳига қўшилиши мумкин. Бу гуруҳда агротуризм соҳасидаги янгиликлар, агротуризм объектлари рўйхати, статистик маълумотлар, инновацион ғоялар ва ташаббусларга оид хабарлар бериб борилади.

Мавзуга оид