Фан-техника | 10:38 / 31.05.2018
9707
3 дақиқада ўқилади

Инсон кўзининг мугуз пардаси илк бор 3D-принтерда босиб чиқарилди

Олимлар инсон кўзининг мугуз пардасини 3D-принтерда босиб чиқаришга муваффақ бўлишди. Синовлардан кейин уни беморларга кўчириб ўтказиш мумкин бўлади. Бу ҳақда Ньюкасл университетидан Че Коннон бошчилигидаги жамоанинг Experimental Eye Research журналида чоп этилган мақоласида айтилган.

Фото: Newcastle University

Мугуз парда инфекциялар, куйишлар, механик жароҳатлар ва бошқа сабабларга кўра шикастланиши мумкин. Ҳозирда 10 млн киши кўр бўлиб қолмаслик учун, кўриш қобилиятини йўқотган, бироқ парданинг трансплантациясидан кейин яна кўра олиши мумкин бўлган 5 млн киши унинг кўчирилиб ўтказилишига муҳтож. Афсуски, донорлик материали ҳамиша фалокатли тарзда етишмайди.

Шу сабабли дунёнинг кўплаб лабораторияларида мугуз пардани 3D-принтерда босиш бўйича тадқиқотлар ўтказиб келинади. Бунда “сиёҳлар” сифатида мугуз парда ҳужайраларига айланишга тайёр бўлган асос ҳужайралардан иборат махсус таркиб қўлланади. 

Бу таркибга жиддий талаблар қўйилган. У 3D-босмада “сиёҳ” сифатида қўллаш мумкин бўладиган даражада қовушқоқ ва шу билан бирга парда ўз шаклини сақлаб қоладиган даражада етарлича қаттиқ бўлиши керак. Ва асосийси, ундаги барча ҳужайралар тирик қолиши талаб қилинади. Ҳанузгача бирорта илмий гуруҳ бу учта шартнинг бир вақтда бажарилишига эриша олмаётганди. 

Фото: Newcastle University

Энди бу тўсиқ енгиб ўтилди. Тадқиқотлар парда босилганидан бир кун ўтиб ундаги 90 фоиз, 7 кундан кейин эса 83 фоиз ҳужайра тирик қолганини кўрсатган. Бунда босма учун унча қиммат бўлмаган биопринтер қўлланади, жараённинг ўзи эса 10 дақиқа вақт олади.

Фото: Newcastle University

Бундан ташқари, ҳар бир бемор учун мугуз парда шакли ва ўлчамини индивидуал танлаш мумкин. Бунинг учун кўз сканер қилинади, компьютер эса олинган маълумотни 3D-принтер учун буйруқларга айлантиради. 

Ишланма оммавий равишда қўлланиши учун клиник синовлардан ўтиши лозим. Бу жараёнга бир неча йил кетиши мумкин. Ишланмани тегишли идоралар томонидан маъқуллангандан кейингина амалиётга жорий қилиш мумкин бўлади.

Мавзуга оид