12:12 / 31.05.2018
7564

Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Олтинкўл ЎСТК ривожланиш йўлида

Фото: KUN.UZ

Ишга ўзгача ёндашув, тинимсиз изланиш, ташаббускорлик, ўқув жараёнига инновацион лойиҳаларни олиб кириш ва бугунги кун талабида фаолият юритиш сингари жиҳатларни Андижон мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши тизимидаги ўқув муассасалар мисолида кўришимиз мумкин.

Ташкилот тизимида фаолият юритаётган ўқув спорт техника клублари автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун замонавий анжомлар, ўқув дастурлари билан жиҳозланди.

Хусусан, сўнгги русумдаги компьютер жамланмалари, видеопроекторлар, қулай ўриндиқлар, электрон ва маркерли интерактив доскалар, автоуловининг электрлаштирилган қирқимли ҳаракатланувчи стендлари, замонавий автотренажёрлар, кўргазмали паннолар тингловчиларни билимини оширишга хизмат қилаётир. 

Ташкилот тасарруфидаги муассасаларда спортнинг авто, авиа, ракета ва кемамодел, радиоспорт, картинг, мотоспорт пневматик милтиқдан ўқ отиш, триатлон, кўпкураш, ёзги биатлон турлари бўйича тўгарак ва секциялар ишлаб турибди.

Олтинкўл туман ЎСТК фаолиятига тўхталадиган бўлсак, муассасада 25 нафар малакали ишчи-ходимлар оммавий касбдаги техник мутахассислар тайёрлаш йўлида фаолият юритиб келмоқда.

Янгиланиш ва инновацион услубда машғулот ўтиш мақсадида ЎСТКнинг ўқув моддий негизи такомиллаштирилиб, муассаса аудиторияларида тингловчиларнинг замонавий услубда касб ўрганишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ташкилотдаги 12 енгил ва 4 та юк автомобилларида амалий машқлар ўтказилади.

Ўқув спорт техника клубида спорт ишлари ҳам намунали йўлга қўйилган. Муассасада барча қулайликларга эга ўқ отиш тўгарагида туман ёшлари мунтазам шуғулланиб келмоқда.

Куни кеча 30 май куни айнан ташкилот мажмуасида бўлиб ўтган ўқ отиш спорти бўйича ёшлар ўртасидаги вилоят кубоги 3-босқич мусобақаларида олтинкўллик ёшлар 2- ўринни эгаллади.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Top